Наманганнинг туризм салоҳияти халқаро журналистлар эътиборида

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Водий гавҳари ҳисобланмиш Наманганда иқтисодиётнинг бошқа соҳалари қатори сайёҳлик индустриясини ривожлантиришнинг катта имкониятлари мавжуд. Хусусан, унинг бой тарихий меросга эга осори-атиқалари, шаҳар ва қишлоқларнинг гўзал табиати, қадимий ёдгорликлар ҳар қандай сайёҳни оҳанрабодек ўзига тортади. Шу боис мафтункор ҳудудга ташриф буюраётган меҳмонлар оқими йилдан йилга ортиб бораётир.
Жорий йилнинг 5–7 август кунлари ташкил этилган халқаро пресс-турда вилоятда айни соҳада тўпланган тажриба оммалаштирилиб, иштирокчиларга дилтортар масканлар тақдим қилинди. Тадбирда Германия, Туркия, Эрон ва МДҲ давлатларидан ташриф буюрган 20 га яқин халқаро ва маҳаллий ОАВ вакиллари, журналист ҳамда блогерлар иштирок этди.
— Пресс-турнинг асосий мақсади — Наманган вилоятининг бой туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, унинг табиий, тарихий ва маданий меросини халқаро миқёсда ёритиш орқали сайёҳларни янада кўпроқ жалб этишдан иборат бўлди, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Нуриддинов. — Анжуман доирасида Поп, Чуст, Чортоқ, Янгиқўрғон ва Тўрақўрғон туманларига инфо-турлар уюштирилиб, меҳмонлар ушбу ҳудудлардаги туризм объектлари, миллий ҳунармандчилик марказлари, тарихий ва табиий масканлар, шунингдек замонавий дам олиш ва саёҳат манзиллари билан танишиш имконига эга бўлишди.
Маълумот учун, Туризм қўмитаси ҳузуридаги «Миллий ПР-маркази» давлат унитар корхонаси ва вилоят Туризм бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган пресс-тур иштирокчилари сафида Қозоғистоннинг «Курсив» сайти ва «Kazakhstan» телерадиокорпорацияси, Эроннинг «Fars News» ахборот агентлиги, Туркиянинг «TRT» телеканали, шунингдек, «Vatandosh.uz» сайти ва бошқа нуфузли ОАВлар вакиллари бор эди. Хорижий журналист ва блогерлар тақдим этилган сайёҳлик объектлари, уларнинг бетакрор манзараси чуқур таассурот қолдирганини эътироф этиб, буларнинг барчасини ўз мамлакатларида атрофлича ёритишни ният қилганини билдирдилар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Камбағал оилалар фарзандларининг тўгарак харажатларининг 80 фоизгача қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг