Наманганлик олти ёшли Рауф Ғайбуллаев ментал арифметика бўйича супер-чемпион бўлди
Фото: “Халқ сўзи”
Уйчи туманидаги “Асал билимдон болажон” мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Рауф Ғайбуллаев Озарбайжон Республикасининг Баку шаҳрида ўтказилган ментал арифметика бўйича халқаро мусобақа ғолибига айланди.
Жорий йилнинг 4-5 ноябрь кунлари бўлиб ўтган ва Америка, Россия, Туркия, Қозоғистон сингари 30 дан ортиқ давлатлардан келган энг моҳир менталчилар орасида юқори натижага эришган вакилимиз “супер чемпион” деган шарафли номга лойиқ кўрилди. Тумандаги “Баркамол авлод” болалар мактаби тўгараги аъзоси Дилдора Ҳакимбоева ҳам нуфузли мусобақада юқори ўринни эгаллади.
— Олти ёшли Рауфжон боғчамизда ташкил этилган ментал арифметика гуруҳи машғулотларига бир ярим йилдан буён қатнашиб келади, — дейди муассаса директори Гулбаҳор Ёқуббоева. — У бундан бир ой аввал Навоий шаҳрида мактабгача таълим тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган республика чемпионатида ҳам олий ўринни эгаллаган эди.
Таъкидлаш жоизки, ёшларнинг мантиқий, ижодий фикрлаш, фотографик хотираларини ривожлантириш ва математика фанига қизиқишларини ошириш мақсадларига қаратилган ментал арифметика аксар мактабгача таълим ташкилотларини қамраб олди. Мутахассислар фикри, шунингдек, тажрибаларга кўра 5 дан 13 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган бу дастур инсон бош миясининг ҳар икки ярим шарини бирдек ривожлантиришга хизмат қилади. Энг муҳими, уни эгаллаган ўғил-қизлар қўшиш, айириш, кўпайтириш ва бўлиш каби амалларни осонликча бажара олади. “Асал билимдон болажон”да айни йўналиш бўйича махсус тайёргарликдан ўтиб келган Маъмура Олимжонова болажонларга тўрт амални тезкор бажариш сирларини эринмай ўргатади. Натижа чакки эмас. Унинг шогирдлари бу масалада боғча доирасидан чиқиб, ўз салоҳиятларини юқори даражадаги беллашувларда ҳам муваффақиятли намойиш қилмоқдалар. Масалан, жорий йил ёзида Туркиянинг Анталия шаҳрида ташкил этилган халқаро олимпиадада уларнинг икки нафари – Довудхон Мусахонов ҳамда Темурбек Мўминовлар ғолиблар сафидан жой олишган эди. Бу гал Рауф Ғайбуллаевга омад кулиб боқди.
Айни кунларда жажжи иқтидор эгалари келгуси йилнинг бошида Бирлашган Араб Амирликларида ментал арифметика бўйича ташкил этиладиган халқаро беллашувда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун астойдил тайёргарлик кўришмоқда.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг