Наманганда соҳа фидойилари ўз боғини яратмоқда

10:37 18 Ноябрь 2024 Жамият
194 0

Қудратилла Нажмиддинов/“Халқ сўзи”. Наманган вилоятида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумига старт берилганига бир ҳафта бўлди. Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон” боғида маҳаллалар, меҳнат жамоаларининг мингга яқин вакиллари алоҳида шижоат кўрсатмоқда. Жамоаларга ажратилган майдонлар лина, кёлн, эман, каштан, оққайин, шамшод, мажнунтол, япон сафораси, ҳинд сирени сингари манзарали дарахт, гул кўчатлари ва буталар билан тўлдирилди. Истироҳат масканига янги ўтқазилган кўчатлар сони салкам 8 минг тупга етди.

Шу сингари уюшқоқлик Наманган шаҳри барча туманларда кузатилиб, вилоят бўйича бир кунда экилган кўчатлар сони 50 минг тупга яқинлашди. Жойларда кўплаб соҳа вакиллари ўз боғларига асос солди. Масалан, “Янги Ўзбекистон” боғида журналистлар, Тўрақўрғонда прокуратура ходимлари, “Адиблар хиёбони”да нуронийларнинг яшил маконлари ташкил қилинди.

— Жорий мавсум ишларини уюштиришда ўтган йил сабоқларидан жиддий хулоса чиқаришга тўғри келди, — дейди вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси шўъба бошлиғи Исмоил Маҳмуджонов. — Сир эмас, ёз ҳавосининг одатдагидан анча иссиқ келиши натижасида ўтган йили экилган кўчатларнинг 30 фоиздан кўпроғи илдиз отиб кетолмади. Шундан келиб чиқиб майдонларни тайёрлашда уларнинг сув билан таъминланиши масаласи алоҳида эътиборга олинди. Зарур жойларда алоҳида суғориш тизимлари барпо қилиш орқали доимий таъминот кафолати яратилди.

Маълумот учун, Наманганда айни пайтда жадал давом этаётган кузги мавсум охирига қадар 5 миллион 774 минг туп манзарали ва мевали дарахт, бута кўчат ҳамда қаламчалари ўтқазиш режалаштирилган. Экилиши билан “Яшил макон” электрон платформасига жойлаштирилаётган бу кўчатлар ҳар бирининг эгаси аниқ, уларнинг тўла кўкариши ҳамда кейинги парвариши масъул шахслар томонидан мунтазам қаров ва назорат орқали таъминланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?