Наманганда профилактика инспекторига пора таклиф қилишди

12:51 03 Октябр 2024 Жамият
208 0

Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Баъзи одамларга ҳайронсан, ҳар қандай муаммони пул билан ҳал қилиб юборса бўлади, деган фикрни шиор қилиб олган. Наманган вилояти Норин туманида яшовчи тадбиркор ҳам хусусий фирмасидаги қинғирликлар фош бўлиб қолмаслиги учун орган ходимига пул узатишга уринади.

Гап шундаки, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Норин тумани ички ишлар бўлими жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси катта инспектори Ички ишлар вазирлиги шахсий хавфсизлиги бошқармасининг Наманган вилоят бошқармаси бошлиғига тезкор билдирги билан мурожаат қилади. Унда Норинда яшовчи фуқаро туман ИИБ навбатчилик қисмида мавжуд «Е» базага рўйхатга олинган аризасида кўрсатилган «Асакабанк» Наманган филиали ҳамда ўзига тегишли бўлган фирма ўртасида тузилган шартнома бўйича қайта экспертиза тайинлаб, экспертиза хулосасини ва мурожаатини ижобий ҳал қилиб бериши эвазига унга 10 миллион сўм пулни пора тариқасида таклиф қилаётганлигини маълум қилган эди.

Ходимнинг билдиргисига асосан, шу куни ШХБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ташкил этилади. Айни жараёнда ушбу шахс профилактика инспекторига 7.400.000 сўм ва 200 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтида ушланган.

Ушбу ҳолат бўйича туман ИИБ тергов бўлинмаси томонидан ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, айрим ҳудудларда боғ яратмаганлар учун ер солиғи 3 бараварга оширилиши ҳақида хабар берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?