Наманганда марҳум фахрийларни ёдга олиб хотира турнири ўтказилди

15:10 03 Август 2021 Спорт
336 0

Ўтганлар хотирасини ёдда сақлаш ва руҳларини шод етиш халқимиз учун азал-азалдан муқаддас фазилат ҳисобланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, олижаноб фазилатларни, шукроналик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятларни тарғиб этишда нуронийларнинг ўрни беқиёсдир.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб ҳамда Наманган вилоятида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётида самарали меҳнат қилиб, ўчмас ном қолдирган марҳум фахрийларни ёдга олиб хотира турнири ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги ҳамда Республика «Нуроний» жамғармасининг бевосита кўмагида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда «Кексаларни эъзозлаш» жамоат фонди томонидан ўтказилган турнирда спортнинг шахмат, стол тенниси, мини-футбол, белбоғли кураш турлари бўйича мусобақаларда юздан ортиқ олтмиш ёшдан ошган нуронийлар иштирок этдилар.

Мусобақа якунига бағишланган тадбирда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси, Наманган вилояти «Кексаларни эъзозлаш» жамоат фонди бошқаруви раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов иштирок этиб, спорт ёш танламаслиги, ҳар биримиз машғулотлар билан мунтазам шуғулланишимиз, айниқса, нуронийларнинг турмуш тарзини соғломлаштиришда муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Қизғин курашлар остида ўтказилган мусобақаларда спортнинг стол тенниси бўйича Наманган шаҳри нуронийлари биринчи ўринни, Уйчи тумани иккинчи ўринни, Учқўрғон тумани эса учинчи ўринни эгалладилар.

Шахмат ўйинининг ақлни пешлашда ва қарияларнинг вақтларини сермазмун ўтказишда ўрни катта. Жуда ҳам қизиқарли ўтган шахматчилар беллашувида биринчи ўринни Янгиқўрғон тумани нуронийлари, иккинчи ўринни Тўрақўрғон тумани, учинчи ўринни эса Норин тумани вакиллари эгалладилар.

Мини-футбол мусобақаларида Наманган шаҳри нуронийларига биринчи, Янгиқўрғонликларга иккинчи, Учқўрғон вакилларига учинчи ўрин насиб этди.

Наманган азал-азалдан полвонлар юрти. Хотира турнирининг якунловчи куни спортнинг белбоғли кураш турида ёш ва вазн тоифалари бўйича мусобақаларда кекса курашчи полвонлар иштирок этдилар. Тўрақўрғондан Алижон Латипов, Неъматилла Тўйчиев, Уйчидан Ахмаджон Маллабоев, Янгиқўрғондан Бахтиёр Юсуббековлар биринчи ўринни , Попдан Солижон Умаров, Бахтиёр Усманов, Нориндан Қодиржон Хайдаров, Косонсойдан Махсуджон Устабоевлар иккинчи, Янгиқўрғондан Ваҳобжон Сатимов, Чортоқдан Ҳабибулло Охунов, Зокиржон Мамадалиев, Одилжон Жалилов, Уйчидан Муҳаммадсодиқ Юсупов, Юсупжон Қодиров, Алихон Маллабоев, Учқўрғондан Абдулваҳоб Джумабоевлар учинчи ўринни эгалладилар.

Наманган шаҳридаги З.М.Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида жойлашган «Нуронийлар маскани»да Хотира турнирининг якунловчи қисмига бағишланган тантана тадбирни вилоят ҳокими, Наманган вилояти «Кексаларни эъзозлаш» жамоат фонди Васийлар кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ш.Абдуразаков кириш сўзи билан очди. Вилоят ҳокими эли-юрти фаровонлиги ва тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатиб, ибратли умр кечириб ўтиб кетган ўн олти нафар ҳамюртларининг фарзандлари ва қариндош-уруғлари ҳузурида марҳум устозларнинг хизматларини бирма-бир таърифлади. Ушбу хайрли тадбир иштирокчиларига қарата Она – Ватан равнақи ва эл-юрт фаровонлиги учун фидойи, халқ манфаатларини муқаддас билган, эътиқодларига содиқ инсонларнинг зурриётлари, қариндош-уруғлари, шогирдлари ҳам бизнинг бош мақсадимиз – Янги Ўзбекистон барпо этишда фидокорона меҳнат қилиб, ёшларни ватанпарварлик ва она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда ота-боболари изидан бориб жонбозлик кўрсатишларига ишончи комил эканлигини алоҳида таъкидлади.

Хотираси ёдга олинаётган марҳум фахрийларнинг оила-аъзолари вакилларига вилоят ҳокимлиги ва «Кексаларни эъзозлаш» жамоат фондининг «Эътироф ва эъзоз» миннатдорчилик мактублари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир якунида ўтганларнинг руҳларини шод этиш мақсадида хайр-эҳсон дастурхони ёзилиб, марҳумлар ҳаққига фотиҳа ўқилди. Фидойи ҳамюртлари руҳларини шод этиб қадрлаганлар, алалоқибат ўзлари ҳам қадр топажакдир.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?