Наманганда кейинги икки йилда 45 та микроГEС ишга туширилади

18:18 14 Февраль 2023 Жамият
515 0

Фото: Халқ сўзи

Мутахассислар ҳисоб-китобига қараганда, айни пайтда Наманган вилоятида истеъмолчилар эҳтиёжини тўла қондириш учун қўшимча 490 миллион киловатт соат электр энергияси талаб этилади. Айни миқдордаги тақчилликни қоплаш учун қувватларни ишлаб чиқиш бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳаракатига киришилди. Бунда қуёш фотоэлектр манбалари ва сув ресурсларидан унумли фойдаланиш масаласига устувор аҳамият қаратиляпти. Хусусан, 2023-2024 йиллар учун мўлжалланган дастурга мувофиқ 45 та шундай иншоотлар лойиҳаси тайёрланди. Биргина жорий йилнинг ўзида вилоятда қуёш фотоэлектр станцияси, шунингдек, микроГEСларни фойдаланишга топшириш ҳисобига 600 миллион киловатт соатлик қувватлар яратилади.

— Вилоятимизда гидроэлектростанциялар агрегатларини ҳаракатга келтирадиган оқин сув манбалари анчагина, улардан фойдаланиб кейинги пайтларда Учқўрғон, Поп ва Чортоқ туманларида 120 миллион киловатт соат электр қувватлари ишлаб чиқара оладиган микроГEСлар қурилди, — дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Наманган ҳудудий филиали матбуот котиби Дилшоджон Абдувосиев. — Эндиликда ушбу йўналишдаги ишлар кўлами кескин ортган. Бу йил худудлардаги канал, кичик сой ва дарёларда умумий қуввати 110 МВтга тенг 32 та шундай гидрооиншоот барпо этилади. Улар ёрдамида 55,4 миллион киловатт соат энергия ҳосил қилиш мумкин.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг Наманган вилоятига ташрифи чоғида электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш топшириғи берилиб, бу ишга илк маротаба хусусий секторни ҳам фаол жалб қилиш алоҳида таъкидланганди. Шундан келиб чиқиб, амалий ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, куни кеча «Ўзбекгидроэнерго» AЖ бошқаруви раиси Aбдуғани Сангинов вилоятда сув ресурсларидан унумли фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича тадбиркорлар билан мулоқот ўтказди. Мулоқот аввалида хусусий микрогидроэлектр станциялари қуриш бўйича истиқболли лойиҳалар тақдимоти ташкил этилиб, Норин дарёси, Шимолий Фарғона канали ва сойлардаги имкониятлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Ҳозирги пайтда иккита объект - Намангансойнинг вилоят марказидан ўтган қисмида 200 киловатт соат ва Учқўрғон тумани Тўда каналида 100 киловатт соат қувватга мўлжалланган микроГEСлар қурилиши бошланиш арафасида. Тез орада бошқа лойиҳалар ижросига ҳам киришилади.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?