Наманганда картинг бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати ўтказилди
Картинг мамлакатимизда техник ва амалий спортнинг тобора оммавийлашиб бораётган турларидан бири бўлиб, у билан шуғулланаётган ихлосмандлар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда. Айниқса, Наманган вилоятида бу борада яратилган моддий-техник имкониятлар кишини қувонтиради.
Хусусан, Учқўрғон туман ўқув спорт техника клуби қошидаги картодром республикада ягона ҳисобланиб, турли даражадаги мусобақалар ўтказишнинг замонавий базасига айланган. Куни кеча бу ерда навбатдаги катта беллашув – картинг пойгаси бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати финал мусобақаси ўтказилди.

— 85 нафар спортчи майдонга тушган чемпионатда мамлакатимизнинг беш вилоятидан ташқари Россия Федерацияси ва Қирғиз Республикаси картингчилари ҳам иштирок этди, — дейди “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти Кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаев. — Албатта, бошқарилаётган техника тезлиги юқори бўлган бундай баҳсда картингчининг чапдаст ва чаққонлиги ўз сўзини айтади. Ана шундай спортчилар орасида қизларимиз ҳам борлиги қувонарлидир.
Картодромга келган минглаб мухлисларнинг ҳаяжонли кузатув ва олқишлари остида кечган мусобақанинг якуний натижаларига кўра ёшлар ўртасида 1-ўринни Тошкент шаҳри, 2-ўринни Наманган вилояти ва 3-ўринни Тошкент вилояти жамоалари эгаллади. Катталар ўртасида эса 1-ўрин Тошкент шаҳри, 2-ўрин Тошкент вилояти, 3-ўрин Бухоро вилояти вакилларига насиб этди. Ғолиб спортчилар анъанага кўра, диплом ҳамда “Ватанпарвар” совғалари билан тақдирланди.

Маълумот учун, айни пайтда Наманганда спортнинг техник ва амалий турларига жалб этилган 1500 га яқин ёшлардан 120 нафари картинг билан машғул. Жорий йилнинг ўзида халқаро спорт устаси Ясмина Эгамбердиева сўнгги чемпионатда икки тур бўйича ғолибликка эришган бўлса, Солиҳ Хайруллаев Ўзбекистон чемпиони мақомини қўлга киритди ва олий таълим муассасасига имтиёзли қабул қилиниш ҳуқуқини олди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг