Наманганда биринчи кўп қаватли автотураргоҳ битказилмоқда

11:47 02 Декабрь 2025 Жамият
335 0

Бундай иншоотларни барпо этиш аҳолиси бир миллионга яқинлашаётган ва шунга яраша транспорт воситалари ҳам кўпайиб бораётган шаҳар учун аллақачон зарур эҳтиёжга айланган эди. Вилоят марказининг “Жаҳон бозори” ҳудудида олиб борилаётган қўп қаватли автотураргоҳ қурилиши масала ечимида илк қадам бўлди. “Asr Steel Group” масъулияти чекланган жамияти томонидан тикланаётган объектнинг лойиҳа қиймати 30 млрд. сўм бўлиб, ҳозирга қадар қурилиш ишларининг 80 фоизи бажарилди.

- Қурувчилар айни пайтда сўнгги босқичдаги ишларни амалга оширмоқдалар,-дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғофуржон Жамолов. – У битказилиши билан бир пайтнинг ўзида 400 та автомобилни қулай шароитларда жойлаштириш имконияти яратилади. Бу ерда ҳайдовчилар учун бошқа шароит ҳам бўлади — бинонинг биринчи қаватида автоэҳтиёт қисмлари билан савдо қилувчи шохобчалар иш бошлайди.

Маълумот учун: 400 та автомобил очиқ жойда тўпланса, қарийб 1,5 гектар майдонни эгаллайди. Қуриб битказилаётган иншоот банд этган жой эса ундан кўп баравар кичик. Наманган учун бу каби кўп қаватли автотураргоҳлар катта аҳамиятга эга эканлигини ҳисобга олиб, бошқа бозорлар атрофида ҳам шундай лойиҳаларни жорий этиш режалари ишлаб чиқилади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер