Наманганда 63-Халқаро гуллар фестивали бошланди — Фоторепортаж

15:28 19 Май 2024 Жамият
1108 0

Фото: "Халқ сўзи"

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Ҳар йили май ойига келиб наманганликлар минтақанинг ажойиб қадриятларидан бирига айланган гуллар байрамини ўзгача завқ-шавқ билан нишонлайдилар.

Бири-биридан чиройли гулу чечакларга бурканган кўҳна ва навқирон кент шу кунлари нафақат республикамиз, балки, қўшни мамлакатлар, бутун дунё аҳлини нафосат сайлига чорлайди. Бу йил ҳам анъана такрорланди. Анжуманга тайёргарлик чоғида истироҳат боғлари, кўча ва хиёбонларига ўтқазилган 45 миллион тупдан зиёд турфа гул кўчатларидан ороланган шаҳар гўзаллик шайдоларига яна бағрини очди.

Фестивалнинг асосий манзили — Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғининг марказий дарвозаси олдидаги майдон анжуман очилишини иштиёқ билан кутган юз минглаб нафосат ошуфталари билан тўлди. Фестивалга одатдагидек гуллардан нақшинкор тус олган 200 дан зиёд автомашиналар карвони билан старт берилди. Кўҳна автоуловлардан тортиб мамлакатимизда ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумдаги автомобиллар, қишлоқ хўжалиги соҳаси ва бошқа ихтисослаштирилган машиналаргача бўлган бу транспорт воситаларининг ҳар бири ўзига хос мазмунда гуллар билан безатилганки, кўриб кўзингиз қувонади.

Автопараддан сўнг бошланган расмий очилиш маросимида сўз олган Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов вилоят аҳли ва меҳмонларни анжуман билан қизғин қутлаб, уларга узоқ вақт давом этадиган анжуманнинг ранг-баранг дастурларидан мириқиб ҳордиқ чиқариш тилагини изҳор этди.

«Бугун ҳақли равишда айтиш мумкинки, гўзалликка ошуфта дилларни ўзига ром этаётган ардоқли байрам йиллар давомида такомил топиб, ҳудуднинг ташриф қоғозига айланиб улгурди. Дунёнинг ҳар бурчидан келган меҳмонлар нигоҳига нафақат гуллар ҳайрати, балки, чинакам байрам завқини улашаётганимиздан мамнунмиз», — деди вилоят ҳокими.

Тантанали очилиш маросимидан сўнг байрам иштирокчилари Бобур номли боғда ҳаваскор гулчилар ва меҳнати жамоалари боғбонлари томонидан яратилган тематик кўргазмалар билан яқиндан танишдилар. Уларнинг ҳар бири ўзига хос мавзу, ўзига хос мазмунга эга — шаҳар ёки туман, алоҳида бир муассасанинг йўналишини табиат неъматлари ёрдамида моҳирона шакллантирилган.

Халқаро гуллар фестивалининг бугун бошланган мавсуми қирқ кун давом этади. Ташкилотчилар унинг ҳар бир куни, ҳар бир соатини мароқли ўтказиш тадоригини кўришган. Гуллар, ҳунармандлар, модалар кўргазмаси, илмий-амалий конференциялар, турли танловлар, қадимий ўйинлардан тортиб таниқли эстрада хонандаларининг чиқишларигача бўлган кўнгилочар дастурлар байрам иштирокчиларига унутилмас таассуротларни тақдим этиши шубҳасиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?