Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг ижроси муҳокама қилинди

17:53 20 Декабрь 2023 Сиёсат
536 0

Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”

Маълумки, Сенат томонидан республикамизнинг туман ва шаҳарларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг самарали ижро этилиши устидан парламент назорати амалга оширилиб, тегишли услубий ёрдам кўрсатилмоқда. Бу борада олиб борилган ўрганиш натижалари эса Сенат мажлисларида мунтазам равишда муҳокама қилинади.

Сенатнинг қирқ саккизинчи ялпи мажлисида Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган “йўл хариталари” ижроси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, “йўл хариталари” ижроси доирасида мазкур вилоятлар ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни жадал суръатларда ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилган.

Хусусан, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми Фарғона вилоятида 5,2 фоизга ва Наманган вилоятида 7,4 фоизга, хизмат кўрсатиш Фарғона вилоятида 10,1 фоизга ва Наманган вилоятида 10,1 фоизга, қурилиш ишлари Фарғона вилоятида 11,2 фоизга ва Наманган вилоятида 5,8 фоизга ўсган.

Инвестиция дастурлари доирасида Наманган вилоятида 705,4 млн долларлик 1 072 та ҳамда Фарғона вилоятида 518,1 млн долларлик 1 016 та лойиҳа ишга туширилган.

Наманган вилоятида 639,5 млн долларлик ва Фарғона вилоятида 827,8 млн долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилган.

Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида Наманган вилоятида 83 та, Фарғона вилоятида эса 76 та объектлар фойдаланишга топширилган.

Наманган вилоятида “Аёллар дафтари”га киритилган 80,4 минг ва Фарғона вилоятида 112 мингдан зиёд хотин-қизларга ҳамда Наманган вилоятида “Ёшлар дафтари”га киритилган 23,2 минг ва Фарғона вилоятида 31,2 минг нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга амалий ёрдам кўрсатилган.

Мажлисда аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш масаласига ҳам сенаторлар томонидан алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудудий бандлик дастури ижроси доирасида Наманган вилоятида 541,3 минг ва Фарғона вилоятида 558,6 минг кишининг бандлиги таъминланган.

Ялпи мажлисда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган “йўл хариталари” ижросини таъминлашда айрим камчилик ва ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжудлиги сенаторлар томонидан айтиб ўтилди.

Хусусан, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда тегишли туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан микромарказлар ва микролойиҳалар ташкил этиш билан боғлиқ масалалар ўз вақтида ҳал этилмаганлиги сабабли ушбу йўналишда аҳоли бандлигини таъминлаш режаси Фарғона вилоятининг Бешариқ, Фурқат ва Фарғона туманларида бажарилмаган.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган кредит маблағларининг ўзлаштирилиши Наманган вилоятининг Янги Наманган, Тўрақўрғон ва Косонсой туманларида жуда паст.

Энергетика вазирлиги масъуллигида Қува туманида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини қўшимча 100 млрд сўмга ошириш мақсадида 110 кВа 1,5 км электр тармоғини қуриш ва “Сойгузар” подстанциясини модернизация қилиш орқали 2 та йирик трансформатор ўрнатиш ишлари муддатидан кечикмоқда.

Чортоқ туманида ташкил этилган кичик саноат зонаси ҳудудини зарур инфратузилма билан таъминлаш чоралари кўрилмаганлиги сабабли айрим инвестиция лойиҳалари ишга туширилмаган.

Ижтимоий соҳа объектларини иситиш тизими учун кўмир ёқилғиси захирасини яратиш режаси Наманган вилоятининг Учқўрғон, Поп ва Чортоқ туманларида ва Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида якунига етказилмаган.

Бундан ташқари, сенаторлар томонидан вилоятларда хизматлар соҳасини янада ривожлантириш, паст қувватда ишлаётган саноат корхоналари билан ишлаш, инвестициялар жалб қилиш, экспорт ҳажмини ошириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, муқобил энергияни жорий қилиш, сув тежовчи технологияларни ўрнатилиши юзасидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда йўл қўйилган камчиликлар масъул вазирлик ва идораларга кўрсатиб ўтилди ҳамда бу борада қатор таклифлар билдирилди.

Туризм салоҳияти юқори бўлган маҳаллаларда йўл ва инфратузилмани яхшилаш, маҳаллий бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлашда иқтисодий комплекс раҳбарларининг масъулиятини ошириш, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашда субсидиялаш механизмидан кенг фойдаланиш шулар жумласидан.

Кўриб чиқилган масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?