Янгиқўрғон туманида мактабгача таълим инфраструктураси кенгаймоқда

09:33 10 Декабрь 2025 Жамият
201 0

Наманган вилоятининг шимолий қисмида жойлашган ушбу туманда ҳозирги кунда 20 424 нафар бола мактабгача таълимга қамраб олинган. Уларнинг тарбияси ва таълими 49 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари, 418 та оилавий болалар боғчалари ҳамда 7 та давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган муассасаларда амалга оширилмоқда.

Конституция қабул қилинганининг 33 йиллиги арафасида мактабгача таълим ташкилотлари сони яна учтага ошди. Хусусан, Булоқбоши маҳалласидаги 21-МТТ ва Ҳадикент маҳалласидаги 34-МТТнинг янги бинолари фойдаланишга топширилиб, тарбияланувчиларни қабул қилишни бошлади. Ҳар бири 150 ўринга мўлжалланган бу муассасаларда машғулот хоналари, ётоқхоналар, ошхона ва болалар учун мослаштирилган ўйин ҳамда спорт майдончалари мавжуд.

— Туманда хусусий секторнинг иштирокини кенгайтириш бўйича ишлар изчил давом этяпти, — дейди туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Абдурашид Қаюмов. — Яқинда Ғалаба маҳалласида тадбиркор Авазхон Мубораков томонидан давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди. Қиймати 1 млрд 800 млн сўм бўлган мазкур замонавий бинода 250 ўрин яратилди. Бу ерда болаларнинг ҳар томонлама равнақ топиши учун зарур барча шарт-шароитлар мавжуд.

Янги муассасалар ишга туширилиши натижасида туманда 7 ёшгача бўлган болаларни боғчаларга қамраб олиш даражаси 94 фоизга етди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?