Наманган шаҳри ҳокимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Видеодан кадр
Наманган шаҳрида ҳокимга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳокимият органларида коррупцияга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.
Хусусан, Наманган шаҳар ҳокими ва пойабзал ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари ўзаро тил бириктириб, қурилиш соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқародан шаҳар ҳудудидаги 35 сотих ер майдонида жойлашган маънан эскирган турар-жой бинолари ўрнига кўп қаватли уй барпо этиш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштириш эвазига 60 минг доллар талаб қилади.
Ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб МЧЖ раҳбари ушбу сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, шаҳар ҳокими ўзининг яна бир ишончли одами бўлган – ҳокимликнинг девонхона мудири орқали МЧЖ раҳбаридан 60 минг долларни олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.
Ҳозирда Наманган шаҳар ҳокими депутатлик дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ДХХнинг Наманган вилояти бошқармаси Тергов бўлими томонидан унга ва девонхона мудирига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди билан, МЧЖ раҳбарига нисбатан эса Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Шаҳар ҳокимига нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Таъкидланишича, тергов доирасида ҳокимнинг бошқа ноқонуний ҳаракатларига нисбатан ҳам ҳуқуқий баҳо берилади.
Порахўрлик билан боғлиқ ҳолат Тошкент вилоятида ҳам қайд этилиб, хусусан, Зангиота туман қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси маҳаллий фуқарога тегишли уйнинг ёнида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 8 сотих ер майдонини тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун туман ҳокимлиги томонидан тузиладиган ишчи гуруҳ орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 40 минг доллар талаб қилади.
Лекин ушбу пул маблағидан 20 минг долларини олган вақтида ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилган.
Ҳозирда бош мутахассисга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг