Мьянмада гаровга олинган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари қутқарилди

Фото: «Дунё»
Мьянмада одам савдоси қурбони бўлган икки нафар ўзбекистонлик Ватанга қайтарилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборoт агентлиги хабар берди.
Ўзбекистоннинг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, М.С. ва Б.В. исмли фуқаролар Мьянмада одам савдоси қурбони бўлганини билдириб, Ўзбекистонга қайтишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, улар Таиландга интернет орқали юқори маошли иш таклиф қилинганидан сўнг борган. Бироқ Таиландга етиб келганида, ноқонуний равишда Мьянмада олиб кетилган ва у ерда одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ қўлига топширилган. Ўзбекистонликлар Мьянмада ноқонуний марказларда ишлашга мажбур қилинган. Ноқонуний ҳаракатларни амалга оширишдан бош тортган фуқароларга жисмоний зўравонлик ва таҳдидлар қўлланган. Жиноий тўда уларнинг озод этилиши ва ватанига қайтиши учун катта миқдорда пул талаб қилган.
Шунингдек, 8 нафар Қирғизистон ва 4 нафар Қозоғистон фуқароси ҳам Мьянмада худди шундай вазиятга тушиб қолган. Таиландда Қирғизистоннинг дипломатик ваколатхонаси йўқлиги инобатга олиниб, Қирғизистон томонининг илтимосига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатлари ушбу фуқароларни ўз ватанига қайтаришни ташкил этишда ёрдам кўрсатган.
Мьянма ва Таиланд ваколатли органлари билан келишилган ҳаракатлар ва музокаралар натижасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари Маесот (Таиланд) чегара ўтиш пунктида озод қилиниб, Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатларига топширилган. Озодликка чиққанлар вақтинчалик уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминланган.
11 апрель куни Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Таиланддаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида икки нафар Ўзбекистон, 4 нафар Қозоғистон ва 7 нафар Қирғизистон фуқароси ўз оиласи бағрига муваффақиятли қайтарилган. Қирғизистоннинг бир фуқароси соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабаб тиббий муассасада даволаниш учун вақтинча Таиландда қолган. Унинг ватанига қайтиши даволаниш курси тугаганидан кейин ташкил этилади.
Бош консулхона фуқароларни хорижда ишга жойлашиш бўйича таклифларни кўриб чиқишда ҳушёр бўлишга ва ахборот манбаларининг ишончлилигини синчковлик билан текширишга чақиради. Шунингдек, идора ватандошларга Таиланд, Камбоджа, Мьянма ва Лаосда ишга жойлашиш бўйича консуллик ёрдамини кўрсатишга тайёрлигини билдиради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг