Мьянмада фирибгарлик қурбони бўлган икки нафар Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди

11:13 02 Май 2025 Жамият
161 0

Таиланд Қироллиги Мьянмада фирибгарлик қурбонига айланган 9 нафар МДҲ мамлакатлари фуқаросига ўз ватанига қайтиши учун амалий ёрдам кўрсатди. Улар орасида 2 нафар Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. Бу ҳақида «ТАСС» ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум бўлишича, МДҲ мамлакатлари фуқароси ҳисобланган 9 нафар шахс Мьянмада фирибгарлик қурбонига айланган. Улар орасида 2 нафар Қирғизистон, 2 нафар Ўзбекистон, 4 нафар Қозоғистон ҳамда 1 нафар Россия фуқаролари бўлган. Фуқаролар аллақачон ўз ватанларига қайтарилган.

Таиланд ТИВ ахборот департаменти бош директори ва матбуот котиби Никондет Палангкуннинг таъкидлашича, жорий йилнинг 29 апрель ҳолатига кўра, Таиланд томони Мьянмадан камида 9 минг 237 нафар қутқарилган чет эл фуқаросини қабул қилган, улардан 7 минг 520 нафари аллақачон ватанига қайтарилган.

«Фирибгарлик қурбонига айланган энг катта гуруҳ Хитой фуқароларидир. Уларнинг сони 4, 5 мингдан ортиқ. Одам савдоси қурбонлари орасида Ҳиндистон, Индонезия, Малайзия, Вьетнам, Лаос, Руанда, Филиппин, Уганда, Малави, Жазоир ҳамда Зимбабве фуқаролари ҳам бор», — дейди Палангкун ўз баёнотида.

Матбуот котибининг қўшимча қилишича, тез орада 1 минг 700 нафар фирибгарлик қурбонига айланган фуқаролар Мьянмадан Таиландга олиб келиниб, ўз ватанига қайтарилиши режалаштирилмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги мазкур жараённи осонлаштириш учун тегишли элчихоналар ва консулликлар билан мунтазам ҳамкорликда ишлаётганини маълум қилган.

Маълумот учун, Таиланд Қироллиги жорий йилнинг февраль ойида Мьянманинг фирибгарлик ҳолатлари энг кўп учрайдиган бешта чегара ҳудудини электр таъминотидан узиб қўйган эди. Ҳукумати вакилларининг таъкидлашича, телефон ва интернет фирибгарлиги муаммоси мамлакатга жиддий зарар етказган. Жумладан, 2022-2024 йиллар оралиғида 500 мингдан ортиқ Таиланд фуқаролари жиноятчилар қурбонига айланган. Етказилган молиявий зарар 1,8 миллиард доллардан ортиқ дея баҳоланмоқда

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?