Мужтабо Хоманаий Эроннинг навбатдаги олий раҳбари сифатида танланди

09:52 04 Март 2026 Дунё
483 0

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўғли, 56 ёшли Мужтабо Хоманаий мамлакатнинг янги олий раҳбари этиб танлангани хабар қилинмоқда. “Iran International” маълумотларига кўра, унинг номзоди 88 нафар аъзодан иборат Экспертлар кенгаши томонидан Инқилобий гвардия корпуси босими остида танланган.

Мужтабо Хоманаий марҳум раҳбарнинг иккинчи ўғли ҳисобланади ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (IRGC) ҳамда “Басиж” кўнгилли ҳарбий тузилмаси билан яқин алоқаларга эга.

У расман юқори мартабали уламo эмас, ҳеч қачон давлат лавозимида ишламаган ва амалдаги режимда расмий вазифага тайинланмаган. Ҳаттоки марҳум отаси ўтган йили ўзига эҳтимолий ворис сифатида кўрсатган уч кишилик номзодлар рўйхатига ҳам киритилмаган эди. Манбаларга кўра, Али Хоманаий авлоддан-авлодга ўтишни 1979 йилги Ислом инқилобида ағдарилган, АҚШ қўллаб-қувватловидаги шоҳ монархиясига ўхшатилиши мумкинлиги сабабли қўллаб-қувватламаган.

Маълумотларга кўра, Мужтабо Хоманаий 1969 йил Машҳад шаҳрида туғилган, Қум шаҳридаги шиалик диний семинарияларида таҳсил олган. 2019 йилда АҚШ томонидан санкцияга учраганига қарамай, у 100 миллион фунт стерлингдан ортиқ сармоя активларини назорат қилиши айтилади. Хусусан, Лондоннинг Ҳэмпстед ҳудудидаги машҳур “The Bishops Avenue” кўчасида 11 та кўчмас мулкка эгалик қилиши, улар офшор компаниялар орқали, жумладан Мэн оролида рўйхатдан ўтган тузилма орқали бошқарилиши қайд этилган.

Шунингдек, унинг Буюк Британия, Швейцария, БАА ва Лихтенштейнда банк ҳисоб рақамлари мавжудлиги тилга олинмоқда. Мужтабо Хоманаий Эрон-Ироқ урушида қуролли кучлар сафида хизмат қилгани ва сўнгги йилларда сиёсий жараёнларга норасмий таъсир кўрсатиб келгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?