Муваффақиятларимиз Ўзбекистондаги қулай инвестиция муҳитининг кўзгусидир — «Indorama Corporation Pte. Ltd.» компанияси директори Пракаш Кежривал

19:33 16 Январь 2023 Иқтисодиёт
1160 0

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга давлат ташрифи арафасида «Дунё» АА мухбири мамлакатимиз билан ҳар томонлама шериклик муносабатларини ривожлантиришга доир муҳим дастур ва лойиҳаларни рўёбга чиқаришда фаол иштирок этаётган, икки халқ ўртасидаги бир-бирини англаш ва қўллаб-қувватлаш тамойилларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган, Сингапурнинг «Indorama Corporation Pte. Ltd.» компанияси директори, «Дўстлик» ордени соҳиби Пракаш Кежривал билан суҳбатда бўлди.

— Суҳбатимизни Сиз раҳбарлик қилаётган «Индорама» компаниясининг тарихи, мақсади ва вазифалари ҳамда унинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳақидаги маълумотлар билан бошласак.
— Бажонидил. «Indorama»нинг Ўзбекистондаги фаолияти 2010 йили «Indorama Kokand Textile» компаниясининг ташкил этилиши билан бошланган эди. Ўзбекистон тўқимачилик тармоғидаги биринчи йирик хорижий инвесторлардан бири сифатида енгил саноат равнақидаги улкан имкониятларни рўёбга чиқариш, мамлакат ялпи ички маҳсулоти ўсишига ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қилмоқдамиз. Чунки илғор технология ва ускуналарга эга бўлган «Indorama Kokand Textile»  компанияси қисқа вақт ичида сифатли ва юқори экспорт салоҳиятига эга маҳсулотлари билан илғор технологияли ишлаб чиқарувчига айланди. Ҳозирги пайтда “Indorama” компанияси томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларининг 90 фоизи дунёнинг 60 мамлакатига экспорт қилинмоқда. Шу  тариқа «Indorama Kokand Textile» «Мade in Uzbekistan» глобал платформасига айланди.

Компания минг нафардан ортиқ кишини иш билан таъминлаш ва 50 минг тонна пахта толасини йигириш бўйича 4 та ишлаб чиқариш линиясини барпо этиш учун Ўзбекистон иқтисодиётига 200 миллион доллардан ортиқ сармоя киритди. 

Бу бардавом ривожланиш учун замин яратган муваффақият бўлди. 2018 йили «Indorama Agro» МЧЖ ташкил этилди. Корхонада тўлиқ механизациялашган илғор йиғим-терим ва замонавий деҳқончилик услублари ҳамда технологиялари жорий этилди. Янги асбоб-ускуналар ва машиналар учун киритилган инвестициялар барқарор деҳқончиликнинг ривожланишига хизмат қилмоқда. «Indorama» бу йўналишни янада фаоллаштирмоқда. Компания ўз қадриятларига содиқ қолган ҳолда кимёвий моддалар қўллашни кескин камайтириш, тупроқ сифатини сақлаш ва яхшилаш ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган барқарор бизнес моделини амалга оширмоқда. Бугунги кунда «Indorama Agro» ўзининг пудратчи фермерлари билан биргаликда Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида 75 минг гектар майдонда пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини муваффақиятли етиштирмоқда.  

2019 йили Қўқондаги фосфорли ўғитлар заводи «Indorama» бошқарувига ўтказилди. Бу эса 1935 йилда ишга туширилган ишлаб чиқариш майдончасини соғлиқни сақлаш, хавфсизлик ва атроф-муҳитнинг энг юқори стандартларига эга замонавий объектлардан бирига айлантириш имкониятини берди. Маҳаллий фермерларга сифатли ўғитлар етказиб бериш, ҳосилдорликни ошириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Умуман, «Indorama» мамлакатдаги фаолияти давомида 500 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритди, 3 мингдан ортиқ иш ўринлари яратди.

Биз Ўзбекистондаги муваффақиятларимизни янада мустаҳкамлашни режалаштириш билан бирга бизнесдан бошқа соҳалардаги мақсадларга ҳам эътибор қаратмоқдамиз. Эришилган натижалар ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш имконини бермоқда. Маҳаллий ҳамжамиятларни иқтисодий ва маданий ривожланиш лойиҳаларида иштирок этиш, шифохоналар, мактаблар, фахрийлар ва Меҳрибонлик уйларига молиявий ёрдам кўрсатиш, келгуси авлод мутахассисларини тайёрлашга кўмаклашиш мақсадида академик ва илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик қиляпмиз, уларни қўллаб-қувватлаяпмиз.

Қулай ишбилармонлик муҳити ва мамлакатнинг иқтисодий ўсиши учун жозибали сармоявий сиёсат юритаётган Ўзбекистон раҳбариятидан миннатдормиз. «Indorama» келажакка ишонч билан қарайди ва умумий фаровонлик йўлида мамлакатдаги ўз фаолиятини кенгроқ кўламда давом эттиришни истайди.

— Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳити, сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш учун яратилган имкониятларни қандай баҳолайсиз?
— Такрор бўлсада таъкидлаш жоиз, гуруҳимиз 2010 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда ва шу вақтгача 500 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритган. Ва бу жараён давом этмоқда.

Ўз-ўзидан аёнки, қўлга киритган муваффақиятларимиз Ўзбекистондаги қулай инвестиция муҳитининг кўзгусидир. Мамлакатда яхши саноат базаси ва инфратузилма мавжуд бўлсада, 2016 йилдан эътиборан бошланган ва давом этаётган иқтисодий ислоҳотлар бизнес муҳитига сезиларли ва ижобий таъсир кўрсатди.

Бу ўтмишдаги асосий тўсиқларни бартараф этишга олиб келди ва иқтисодиётнинг барча асосий тармоқларига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишга имконият яратди.

— Ўзбекистонда «Indorama» компаниясини янада ривожлантириш борасидаги режаларингиз билан ҳам ўртоқлашсангиз...
— Биз мамлакатдаги инвестиция жадаллигини давом эттиришни интиқлик билан кутмоқдамиз. Хабарингиз бор, Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар доирасида кўплаб давлат корхоналарини хусусийлаштириш эълон қилинди. Уларнинг айримларини фаолиятимиз доирасида кўриб чиқмоқдамиз.

Биз Ўзбекистон буюк иқтисодий ўсиш тарихини яратиш йўлига кирганига қатъий ишонамиз ва, албатта, бунинг бир қисми бўлишни хоҳлаймиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?