Мустақиллик курашчиси

17:23 19 Январь 2021 Маданият
680 0

XX аср дунёга жуда кўплаб сиёсий арбоблар, ислоҳотчилар, шунинг баробарида, мустамлакачилик кишанларидан озод бўлиш ва ўз мамлакатининг мустақиллиги учун курашчиларни етказиб бердики, эндиликда уларнинг номлари инсоният тарихидан абадий ўрин олган.

Озодлик ва истиқлол учун буюк курашчиларнинг мана шу сафида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Файзулла Хўжаев, Бобоохун Салимов, Полвонниёз ҳожи Юсупов, Абдулла Қодирий каби ўзбек халқининг кўплаб асл фарзандлари, маърифатчилар ҳам бор эди.

Ажабки, яқин-яқинларга қадар улардан аксариятининг номи нафақат хорижда, ҳатто ўз ватандошларининг кенг доирасида ҳам унчалик таниш эмас эди. Шундай бўлиши ўз-ўзидан тушунарлидир. Чунки узоқ йиллар мобайнида бу зоти шарифларнинг номлари атайлаб тилга олинмай келинди. Ўқувчи ўша пайтдаги ўттиз жилдли Катта совет энциклопедиясида бу одамларнинг таржимайи ҳолига бағишланган бирор битикни тополмайди. Расмий тарихшуносликда ўз юртининг бу ҳақиқий ватанпарварлари халқнинг ашаддий душманлари, буржуа миллатчилари сифатида таърифланарди.

Мана, ҳозир жадидлар давридан ажратиб турган вақт чўққисидан қараб ва улар орзу қилган мустақиллик туфайли, ниҳоят, бу улуғ инсонлар бизга қандай бебаҳо маънавий бойлик қолдирганликлари ҳамда эндиликда у миллий мулкимизга айланганини бир қадар тўлиқроқ баҳолаш имкониятига эга бўлдик.

Ана шундай буюк сиймолардан бири — Маҳмудхўжа Беҳбудий XIX ва ХХ aсрлар чорраҳасида, Европа ҳамда Осиё узра ўзгаришлар шамоли алоҳида куч билан эса бошлаган даврда яшади.

Ўша пайтда ҳамма нарса Чoр империясининг мўрт бўлиб қолган тузилмаси ҳамда Бухоро амирлиги ва Хива хонлигидаги феодал тартиботларнинг куни битганидан дарак бермоқда эди. Худди шу даврда Ўрта Осиё осмонида бир инсоннинг тиниқ ёғдули юлдузи порлаб чиқди. Таниқли шарқшунос Лазиз Азиззода 1926 йилда: «Агар Ўзбекистонда фан ва маданиятда Навоий ва Улуғбекдан кейин учинчи шахснинг номини абадийлаштириш керак бўлса, бундай ёдгорлик, ҳеч шубҳасиз, Беҳбудийга қўйилмоғи лозим», деб айтган эди. Бундай таъриф Маҳмудхўжа Беҳбудийни ҳақли равишда Шарқнинг Улуғбек ҳамда Навоий сингари энг буюк инсонпарварлари ва мутафаккирлари қаторига қўяди.

1903-1904 йилларда Беҳбудий Санкт-Петербург, Москва, Қозон, Оренбург, Қримга сафар қилди. Россия тажрибаси, айниқса, татарларнинг маърифат соҳасида амалга ошираётган ишлари, атоқли арбоб Исмоил Гаспринский билан танишуви унинг интилишларини узил-кесил аниқлаб берди ҳамда жамиятни гуманитар жиҳатдан қайта қуришдан иборат режаларни рўёбга чиқариш учун йўналтириб юборди.

Бу пайтда Туркистонда тараққиёт тарафдорлари, эмин-эркин ва маъмурчиликда яшашни, худди ривожланган мамлакатлардаги сингари маърифатли бўлишни чин дилдан истаётган одамлар сони кўпайиб бормоқда эди. Улар нафақат чоризмга, балки исломнинг софлигини ҳимоя қилиш шиори остида эски анъаналарга маҳкам ёпишиб олган, ҳар қандай ривожланишни инкор этаётган руҳонийларнинг жоҳил қисмига қарши чиқа бошлагандилар. Равнақ истовчиларни туғилиб келаётган буржуазиядаги диндорлар, деҳқонлар, ҳунармандлар — аҳолининг барча табақаси орасида учратиш мумкин эди. Улар миллий ўзини ўзи англашнинг ўсишдаги биринчи даражали асосларини маърифат ва фандан излади. Анъаначиларнинг қаршилигини синдирган бу чинакам ватанпарвар маърифатчилар жойларда янги усулдаги билим ўчоқлари очди, уларда эски мактабларга, анъаналарга қарама-қарши ўлароқ, диндан ташқари дунёвий фанлардан ҳам дарс беришди.

Маҳмудхўжа Беҳбудий мана шундай маърифатчилик фаолиятига астойдил киришиб кетди ҳамда янги илм масканларини очишда жонбозлик кўрсатди. У бундай мактаблардан бирини уйида ҳам очди. Ўқувчилар учун «Рисолаи жуғрофия умроний», «Тарихи ислом», «Китобатул атфол» ва бошқа дарсликлар яратди.

Омманинг ўзини ўзи миллий англашини ўстириш ва уйғотиш эндиликда унинг ҳаёти мазмунига айланиб қолган эди. Маҳмудхўжа Беҳбудий орадан кўп вақт ўтмасдан Туркистондаги мана шу курашнинг байроқдорига айланди. Унинг атрофида тобора кўплаб маслакдошлар жипслаша бошлади.

Ана шу вақт мобайнида у ўз билимларини бойитиш устида ишлади. Унинг илмий манфаатлари доираси жуда кенг эди. Беҳбудий қизиққан соҳалар теология, тарих, фалсафа, педагогика, социология, адабиёт, этнография ва бошқалар, яъни ҳозирги пайтда «ижтимоий фанлар» деб аталадиган жамики фанлар эди. Унинг сафдошларидан бири Файзулла Хўжаев кейинчалик таъкидлаб ўтганидек, Беҳбудий билимларининг кенглигига кўра буюк шаxс бўлиб, ўша даврда Туркистон жадидлари орасида унга тенг келадиган одам топилмасди.

Таҳлил қилиш қобилияти кучли бўлган бу инсонга ҳамма замонлар учун ноёб ҳисобланган фазилат — назарий фикрлаш хусусиятидан ҳам Аллоҳ берган эди. Юзлаб китоблар, турли-туман мавзулардаги мақолалар унинг қаламига мансубдир. Аксарият чиқишларининг асосий мавзу доираси Ватан, унинг тақдири ва тарихи, эрк учун кураш, миллий манфаатларга хизмат қилиш, қолоқ анъаналарни қоралаш, халқ маърифатини кўтариш, Чор Россиясининг автократик бошқаруви ҳамда унинг Туркистон ва Бухоро амирлигидаги тартиботларини танқид остига олишдан иборат эди.

У халқни ягона миллатга бирлаштириш учун янги усулдаги мактабларни очишнинг ўзи кифоя қилмаслигини, балки миллий матбуот ва миллий театрни ривожлантириш зарурлигини ҳам тушуниб етган эди. Беҳбудий матбуот, нашриёт масалалари билан астойдил шуғулланишга киришди. 1913 йили «Самарқанд» газетасини, ўша йилнинг август ойида эса «Ойина» журналини чиқара бошлади. Мазкур журнал Татаристон, Кавказ, Қрим, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Туркияда ҳам тарқатиларди. Шунингдек, Беҳбудий «Нашриёти Беҳбудия» нашриётини ташкил этди, унинг қошида «Кутубхонаи Беҳбудия» деб номланган кутубхона ҳам очди. Ва у тез орада Ўрта Осиёдаги энг йирик кутубхоналардан бири бўлиб қолди.

«Самарқанд» газетаси ва «Ойина» журнали халқнинг ўзини ўзи миллий англаш, уйғонишида, ўзбек халқи миллий ғypyрининг тикланишида жуда катта роль ўйнади. Аммо газета ҳам, журнал ҳам узоқ яшаб кета олмади, бунга, асосан, цензура сабаб бўлди.

1917 йилга келиб, жадидизм маърифатчиликдан сиёсий ҳаракат даражасига кўтарила бошлади. Туркистондаги сиёсий аҳволга Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг муносабати шундай эдики, уни сиёсий мақомни тубдан ўзгартириш, мустақилликни қўлга киритиш билан боғлиқ ҳолда кўрганди. Беҳбудий ўз мақолаларида рус чоризми ва Муваққат ҳукуматнинг мустамлакачилик сиёсатини фош этди, уларнинг қонунларини танқид қилди.

Беҳбудий мустақилликка курашсиз эришиб бўлмаслигини яхши биларди. У илгари сурган «Ҳақ олинур, берилмас» деган машҳур шиор бутун миллатга даъват бўлиб янгради.

Аксарият жадидлар каби Беҳбудий ҳам мустамлакачиликка қарши қон тўкилмайдиган кураш тарафдори, ҳар қандай инқилоблар душмани бўлиб, парламентдаги кураш йўли билан кўп нарсага эришиш мумкин, деб ҳисобларди. Мухториятнинг оташин тарғиботчиси сифатида у Туркистон демократик Россия федеративи таркибида мустақилликни қўлга киритиши мумкин, деган нуқтаи назарда эди ҳамда тараққиёт сари олға силжишда эволюцион усулни маъқул кўрарди. Беҳбудий ўз Ватанининг томири қандай ураётганини бошқа ҳар қандай одамга нисбатан яхшироқ ҳис этар ҳамда унинг сиёсий ҳароратини ўлчай биларди. У бошқа жадидлар сингари Россиядаги февраль инқилобини қувонч билан кутиб олди. Сиёсий, миллий ва иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилиш жадидлар, хусусан, Беҳбудий фаолиятида устувор йўналиш бўлиб қолди.

«Биз Туркистон мусулмонлари маҳаллий руслар, яҳудийлар ва бошқалар билан биргаликда Россия белгиси остида ўз Туркистон ҳукуматини ташкил этишларини, ўз Бирлашган Кенгашига эга бўлишларини истаймиз. Туркистон мусулмонлари шариатга, ўз урф-одатлари, дин қонунларига мувофиқ яшашлари лозим. Туркистонда яшаб турган яҳудийлар, христианлар ва мусулмонлар фаровонлигини кўзлайдиган қонунлар тузилиши керак», деб ёзган эди Беҳбудий ўша пайтда. У сиёсий кучларнинг, миллий ҳаракат тарафдорларининг бирлашувини ёқлаб чиқди. Айни вақтда Беҳбудийнинг большевикларга нисбатан муносабати салбий эди: “...биз, мусулмонлар учун бу гуруҳга қўшилиш ўта зарарлидир. Уларнинг дастуридаги молияга оид моддалар маълум даражада ўзгартирилмас ва шахс, оила ҳақидаги фикрлари шариатга мувофиқлаштирилмас экан, бизга мутлақо тўғри келмайди», деган эди у ўз тарафдорларига.

Тез орада 1917 йили Петроградда рўй берган октябрь давлат тўнтариши миллий-озодлик ҳаракатини бошқа ўзанга буриб юборди. Ўша йилнинг ноябрида бўлиб ўтган мусулмонларнинг ўлка фавқулодда қурултойи Туркистонни Россия Федератив Республикаси билан бирлашган ҳолда ҳудудий Мухторият, деб эълон қилди. У кейинчалик «Туркистон мухторияти» номини олди. Ҳукумат тузилди, унинг таркибига Беҳбудий ҳам кирди.

Аммо Қўқон ҳукумати, бор-йўғи, 72 кун яшади. У Қўқонни ҳужум билан олган большевиклар томонидан тор-мор этилди. Шаҳар аланга ичида қолди: большевиклар тўплардан кетма-кет ўққа тутаверди. Уч кун мобайнида 10 мингдан ортиқ одамлар ҳалок бўлди.

Маҳмудхўжа Беҳбудий кўп қиррали истеъдоди ва куч-ғайрати айни барқ урган паллада ҳалок бўлди. Ўшанда у 45 ёшда эди. Ўлимидан бирмунча вақт аввал Беҳбудий сиёсатдан узоқлашган ва Халқ маорифи комиссарлигининг Самарқанд бўлимида ишлаётганди. Мана шу йиллар мобайнида у сукут сақлаб, сиёсий фаолият билан шуғулланмай қўйган эди. Боиси унинг большевикларга муносабати салбий эди. Эҳтимол, Туркистон мухториятининг тор-мор қилиниши ва минглаб бегуноҳ одамларнинг ўлими Беҳбудийга кучли даражада руҳий таъсир этган бўлиши мумкин...

1919 йили у навбатдаги ҳаж сафарига отланди. 25 март куни Бухоро амирлиги чегарасини кесиб ўтди ва Шаҳрисабзга борганида амир маъмурлари томонидан қўлга олиниб, Қаршига жўнатилди-да, ўша ерда қатл этилди. Амир ва унинг қуршовидагиларни бир неча бор қаттиқ танқид қилган Беҳбудийга улар душманлик кайфиятида эдилар.

Беҳбудий то умрининг охиригача ўзининг севимли иши — маърифатга содиқ қолди, ҳатто, ҳалок бўла туриб, маънавий васият ёзишга ва уни эркка чиқариб юборишга муваффақ бўлди. Ўз васиятида дўстларини маърифат, маданият, фанни ривожлантиришга, тараққиётга хизмат қилишга даъват этди.

Беҳбудий ўзининг сўнгги мактубида: «Сизларга васиятим шу: Туркистон фарзандлари нодон бўлиб қолишлари мумкин эмас. Ҳамма-ҳаммага Озодлик йўлини кўрсатинг!» деб ёзган эди.

Буюк мутафаккир, маърифатпарвар ва ислоҳотчи, жадидлар ҳаракатининг пешвоси шу тариқа ҳаётдан кўз юмди.

Инсоннинг умри уни эсдан чиқармагунларича давом этаверади, дейишгани рост. Беҳбудийни ҳамон эслашади. Бугунги кунда ҳам унинг номини халқ чуқур ҳурмат-эҳтиром билан тилга олмоқда. Унинг мероси ҳамда тақдири эса Германия, Туркия, Америка, Япония, Ўрта Осиё давлатлари ва албатта, ўз Ватани олимларининг тадқиқот мавзуига айланган.

Сўнгги йилларда миллий қадриятларимизни қадрлаш, ардоқлаш борасида залварли ишлар амалга оширилмоқда. Қанчадан-қанча тарихий меъморий обидаларимизнинг тиклангани, улар халқимизнинг чинакам муқаддас зиёратгоҳига айлангани маънавиятимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

Шулар сирасида 2020 йили буюк бобокалонимиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллиги кенг нишонлангани, ушбу маърифатпарвар инсоннинг ибратли ҳаёти ва ижодига бағишланган улкан бадиий полотно — бебаҳо фильмнинг яратилиши маънавиятимиз дарғаларидан бири ҳақида халқимиз янги маълумотларга эга бўлишида муҳим аҳамият касб этди. Ўз навбатида, бу миллатимиз қадриятларини қадрлаш бардавом эканига, инсон шаъни ва қадрини улуғлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмасликка ишонч бағишлади.

Шавкат МИРАЛИМОВ,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий
университети доценти,
тарих фанлари номзоди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер