Муқаддас бурчини унутмаган раис

Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Тўрақўрғон туманидаги Файзиобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси Холмаҳаммат Асқаров етти йилдирки, маҳалладошларининг қувончу ташвишларига елкадош бўлиб келмоқда. Изланувчан, ташаббускор раҳбар ҳар бир оила, ҳар бир фуқаро билан ҳамжиҳатликда ишлайди. Холмаҳаммат аканинг тажрибаси туфайли маҳалладаги кексалар маслаҳат гуруҳи, хотин-қизлар билан ишлаш, ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси каби тузилмалар ҳам бир қанча ижобий ютуқларга эришмоқда.
Маҳалла раисининг ўзи узоқ йиллар қишлоқ хўжалик соҳасида ишлагани учун маҳалладагиларни ҳам томорқадан унумли фойдаланишга ундайди. Ўзининг 9 сотихлик ҳовлисидаги иссиқхонани кўрган кишининг ҳаваси келади. Хонадон соҳиблари ойнаванд томорқада асосан қулупнай ва помидор етиштиради. Йил давомида қулупнайнинг «Чарли» нави ҳосилдан тўхтамайди. Айни пайтда кунига 15 килограммдан кўпроқ мева териб олинмоқда. Кузнинг охирида ўтқазилган помидорнинг олди қизарди, узоғи билан ўн кунда бозорга чиқади.
— Иссиқхонанинг меҳнати ўзига яраша, ҳар куни ораламасангиз бўлмайди. Кўчатларнинг тагини юмшатиш, сувини бериш, озиқлантириш, энг муҳими, зараркунандалардан асраш керак, — дейди миришкор маҳалла раиси. — Уйдагиларнинг кўп вақти шу юмушларга кетади. Пишиб етилган ҳосил ҳисобидан кунора қўлимиз пул кўради.
Томорқада иссиқхонадан ташқари унча катта бўлмаган жойга бодринг, булғор қалампири, лола кўчатлари ҳам экилган. Байрам арафасида маҳалладошларнинг аксарияти ўз яқинларига совғани шу ердан олиб кетишди. Томорқачиликдан йилига 50-60 миллион сўм даромад олаётган раиснинг хўжалик юритишига маҳалладагилар қизиқиш билан қарайди. Унинг ёрдами билан кўплаб хонадонлар ҳовлиларига замонавий иссиқхоналар қуришди. Хурсанали Ниёзов, Иброҳим Саматов сингари қўшнилар 5-8 сотихлик ёпиқ даласини оилавий бизнесга айлантирган. Кўчатчилик билан шуғулланиб келаётган Баҳодир Ўрмонов раиснинг кўмаги билан банкдан кредит олиб, фаолиятини кенгайтирди. Бугунги кунда Файзиободда иссиқхона хўжалигини йўлга қўйган хонадонлар сони 40 тадан ортган. Бунга қўшимча равишда уч юз элликдан зиёд оила гилосчилик билан шуғулланаётгани эътиборга олинса, томорқа ва боғдорчилик ҳудуднинг чинакам драйверига айланиб бормоқда. Маҳалла боғларида етиштирилаётган Тошкент гилоси харидорбоп, экспортга ҳам чиқарилади. Ҳосил терими қизиган мавсумда бу ердан 300 тоннадан кўпроқ мева Россия бозорларига йўл олади. Бу улар ҳисобидан хонадонларга 6 миллиард сўм атрофида даромад кириб боради, деганидир.
Тўрақўрғон тумани марказидан 15 километр узоқликдаги Файзибод маҳалласида 3371 киши истиқомат қилади. Бу ерда кўп саноқли меҳнат ўрнига эга саноат ишлаб чиқариши йўқ ҳисоби. Аҳоли асосий қисмининг топиши томорқадан. Айни чоғда 54 киши хорижда меҳнат муҳожири, элликка яқин фуқаро расмий ишсиз сифатида рўйхатга олинган.
— Яқинда уларни ҳам даромадли меҳнатга тортамиз, — дейди йиғин раиси. – Дала, боғларда ҳосил пишиб етиляпти. Бу меваларни йиғишга киришилади. Уларни узиш, саралаш ва қадоқлаш учун ишчи кучи керак. Мавсумий гуруҳлар ташкил қиламиз. Унга уюшганлар ўзини-ўзи банд қилганлар қаторидан ўрин олади.
Оқсоқолнинг гапида жон бор! Маҳалланинг ўз имкониятларини ишга солиб, аҳоли турмуш фаровонлигига эришиш бўйича тажрибаси етарли. Маҳалла раиси ўзининг муқаддас бурчини бир лаҳза ҳам унутмагани таҳсинга лойиқ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг