Муножот Йўлчиева судьялар билан тарбия муассасасига борди

16:15 25 Ноябрь 2021 Маданият
919 0

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги вояга етмаганлар учун ихтисослаштирилган 24-сонли тарбия колониясида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси ҳамда Тошкент вилоят суди ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда жамоатчилик вакиллари ҳамда профилактик ҳисобда турган вояга етмаганлар таклиф этилди. Улар орасида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ артисти Муножот Йўлчиева ҳам бор эдики, мумтоз санъатимизнинг тирик афсонасининг иштироки тадбирга ўзгача файз, завқ бахш этди.

Айтилдики, муассасага келган одамни икки хил ҳис чулғаб олади: биринчи — бу даргоҳдаги тарбиячилар сони ойдан ойга камайиб бораётгани ижобий ҳолат. Айни пайтда муассасада 65 нафар вояга етмаган тарбияланмоқда (воқеалари ривожидан илгарилаб айтадиган бўлсак, шу куни бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида тайинланган жазо енгилроғи билан алмаштирилиши натижаси уларнинг етти нафари оиласи бағрига қайтди). Бу аввалги йилларга қараганда энг кам кўрсаткич ҳисобланади. Бундан бир қадар қувониш мумкин. Бироқ катта ҳаёт остонасини хатламаёқ жиноий жавобгарликка тортилганлар битта бўлсаям бор экан, кўнгилда оғриқ пайдо бўлаверади барибир...

Эркин ва очиқ мулоқот шаклида бўлиб ўтган учрашувда айни дамда содир этган жинояти учун жазо ўтаётганлар ўз қилмишларини тушуниб етганликларини ва қаттиқ пушаймон эканликларини баён қилдилар.

Ўз навбатида, меҳмонлар пушаймонликнинг ўзи тўғри йўлга ташланган илк қадам эканини айтиб, йўл қўйилган хатони такрорламаслик, давлатимизнинг инсонпарвар сиёсати натижасида уларга берилаётган енгиллик, яратилган шароитларга сидқидилдан меҳнат қилиб, ҳаётда муносиб ўрин эгаллаш билан оқлаш лозимлигини тушунтирдилар. Сўнг уларга бадиий китоблар совға қилиниб, инсон ўзлигини англаши ва камолотга етишида мутолаанинг ўрни беқиёс экани алоҳида таъкид этилди.

Тадбир ниҳоясида муассаса тарбияланувчилари ва профилактик ҳисобда турган вояга етмаганлар ўртасида ўзаро мулоқот ташкил этилди. Ўсмирларга хос оҳангда кечган суҳбатнинг мазмун-моҳияти битта ҳикматни эслатди: сўнгги пушаймон — ўзингга душман! Яъни, келажак бугундан бошланар экан, тўғри ҳаракатни шу бугундан бошла, токи, эртага кеч бўлмасин.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?