Мулкка эгалик ҳуқуқини олиш жараёни журналистлар нигоҳида

Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармалари томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Тадбир давомида журналистлар Нукус шаҳридаги “Гоне қала” маҳалла фуқаролар йиғинидаги уй-жойларнинг хатловдан ўтказилиш жараёнлари билан бевосита танишдилар.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида” ги Қонуни ижроси юзасидан Давлат кадастрлари палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг туман, шаҳар филиаллари томонидан кенг кўламли хатлов ишлари олиб борилмоқда.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида соҳа мутахассислари уйма-уй юриб аҳолига кадастр соҳасидаги янгиликлар, турар жойларида ўзгаришлар ёки қўшимча қурилмалар қурилса уни ҳужжатлаштиришнинг тартиб-қоидалари ҳақида тушунтириш ишларини олиб боришди. Журналистлар бевосита кадастр агентлиги мутахассисларининг уй-жойни ўлчаш, ҳужжатлаштириш жараёнлари билан танишиб бордилар.
Тадбир доирасида Кадастр масъуллари иштирокида журналистлар учун матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. Унда масъуллар томонидан аҳолининг ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди.
Таъкидланганидек, 2025 йилда 166 та маҳаллада хатлов ишлари амалга оширилиши белгиланган. Юқорида келтирилган Қонун ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларга 175 нафар ходим жалб этилган. Бундан ташқари, Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида ишчи гуруҳ тузилган. Бугунги кунга қадар 48 минг 498 та кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилди. 34 минг 277 та объект ҳақидаги маълумотлар UZKAD ахборот тизимига юкланган ва 18 минг 640 та объект “E’tirof” автоматлаштирилган тизимига ўтказилган.
14 минг 992 та объект ҳозирда муҳокама жараёнида, 2 минг 401 та объект ҳақидаги маълумотлар Кадастр агентлигининг расмий “kadastr.uz” сайтида ва маҳалла фуқаролар йиғинларида эълон қилинди. Шунингдек, 561 та объект Адлия органлари томонидан ўрганилмоқда, 23 та объект бўйича комиссия томонидан мулк ҳуқуқини тан олиш рад этилган, 142 та кўчмас мулк таҳрирлаш жараёнида, 176 та объект эгаларининг қонунда кўрсатилган бир марталик тўловларини тўлаши кутилмоқда.
– Қонунга кўра, ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга Кадастр агентлиги томонидан бир марталик тўловни амалга ошириш бўйича SMS-хабарнома юборилади, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи С. Урунбаев. — Хабарнома асосида бир марталик тўловни амалга оширганларга ҳар чоракда халқ депутатлари туман-шаҳар Кенгашларининг қарори билан ҳуқуқлар тан олинади. Бугунги кунда ижобий хулосалар олган 176 фуқарога тўлов бўйича SMS-хабарнома юборилган бўлиб, мулк эгалари томонидан тўловларни амалга ошириш жараёнида турибди. Фуқаролар томонидан бир марталик тўловлар амалга оширилгандан сўнг кўчмас мулк объектларига мулк ҳуқуқлари эътироф этилиши мумкин. Аҳоли томонидан бир марталик тўловларни тўлаш муддати кечиктирилиши мулкига эгалик ҳуқуқини олиш муддатининг чўзилишига ва бу ўз-ўзидан қонун ижросини таъминлашдаги муддатларнинг бузилишига сабаб бўлмоқда.
Ғайрат ОТАЖОНОВ,
“Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг