Мухбир кўпу, ўқийдиган мақола йўқ

17:19 25 Июнь 2025 Жамият
156 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Бугун Қашқадарёда қирққа яқин босма оммавий ахборот воситалари чоп этилмоқда. Уларнинг асосий қисми хусусий нашрлар ҳисобланади. Эркин бозор шароитида ахборот маконида ҳам хусусий субъектларнинг бўлгани яхши. Бироқ бу нашрларнинг кўпчилиги ОАВга рақобат тақдим этаётгани йўқ. Улар бир ойда бир марта 200 ёки 300 нусхада чоп этилади. Газетада асосан шифокорлар, ўқитувчилар, ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги, суд, адлия органлари каби турли ташкилотлар ходимларининг тарғибот материаллари эълон қилиб борилади.

Яқинда шундай нашрлардан бирини варақладик. Биринчи саҳифада 7 та мақола ҳамда битта кичик сурат босилган. Ҳар бир мақолага иккитадан муаллиф қўйилган. Газета ходимлари ҳеч бир муаллифнинг мақоласини шунчаки чоп этмайди, демак, ходим ойлик ҳисоботдаги «ОАВда мақола чиқариш» режасини бажариб қўйганидан мамнун. Энг қизиғи, ўша газетанинг иккинчи саҳифасида тиббиёт, таълим ҳамда адлия ходимларига тегишли нақд 18 та мақола бор. Барча мақолалар кичик, тўмтоқ сарлавҳа, хатоларга тўла бир ёки икки абзац матн ва муаллифнинг исм-фамилияси, лавозимидан иборат. Қолган саҳифалар ҳам худди шу тахлит давом этган. Энг ачинарлиси, бу ҳолат ҳудуддаги аксарият нашрларнинг асосий «кун кўриш манбаи»га айланиб бормоқда.

2010 йилгача Қашқадарё вилоятининг барча шаҳар ва туманлари муассислигида газеталар чоп этилган. Кейинчалик обуна муаммоси сабаб маҳаллий ҳокимликлар муассислигидаги нашрлар сони ҳам бирин-кетин камайиб бормоқда. Айни пайтда вилоятдаги 16 та шаҳар ва тумандан фақат 7 тасининг нашрлари амалда чиқиб турибди. Қолганлари ёпилиб кетган ёки тўлиқ хусусийлаштириб юборилган. Касбидаги «Садоқат», Ғузордаги «Ғузор ҳаёти», Қамашидаги «Қамаши» газеталари бир ойда икки маротаба, мингдан ортиқ нусхада чоп этилмоқда. Қолганлари бир ёки икки ойда бир, 300 — 500 нусхада нашр қилинмоқда.

— Ҳокимлигимиз муассислигидаги газетада икки киши ишлайди, — дейди Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбаридан бири. — Обуна ташкил этишга, таҳририятнинг моддий-техник базасини яхшилашга ҳокимлик имкон қадар кўмаклашади, лекин олдинга силжиш йўқ. Газета бир ойда бир марта чоп этилади. Шунда ахборотларни тўлиғича туман ҳокимлигининг расмий телеграм каналидан олиб қўяди. Тасаввур қилинг, бир ой аввал каналда ёритган хабар орадан шунча вақт ўтиб ҳеч бир ўзгаришсиз газетада чоп этилса, бунинг кимга қизиғи бор?! Ахир, газетадан муштарийлар профессионал нашр сифатида салмоғи тош босадиган, кучли таҳлилий-танқидий материалларни кутишадику! Шунча мухбир бўлса, мақола қани?..

Босма нашрлардаги иқтисодий муаммолар ортидан суяги матбуотда қотган, газетанинг меҳнатини, мақола ёзиш, янги фикр, теран сўз айтишнинг машаққатини, масъулиятини ҳис қиладиган профессионал ходимларнинг кўчилиги бошқа соҳаларга ўтиб кетишди. Уларнинг ўрнини аслида журналистикага, ижодга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган, ташкилотма-ташкилот юриб, буюртма мақола тўплаш, пул йиғишга ошуфта «мухбир»лар кўпайиб кетди. Натижада соҳанинг, матбуотнинг обрўсига катта путур етди. Яқинда бир тадбир баҳона барча нашрларда фаолият юритаётган журналистлар тўпланишди. Буни кўрган устоз журналистлардан бири истеҳзоли ҳазил қилди: «Эҳ-ҳей, вилоятда шунча мухбир бўлса, мақола қани?! Мен ҳеч бир нашрда «воҳ» дейдиган мақола ўқимаяпман...»

Бугун вилоятда чоп этилаётган нашрларни варақларкансиз, бирорта ўқимишли, долзарб мавзудаги таҳлилий-танқидий мақолага кўзингиз тушмайди. Келтирганларимиз бугунги матбуотдаги киши дилига оғриқ соладиган муаммоларнинг бир қисми, холос. Кўпчилик босма нашрлар шу даражага келиб қолишининг ҳам ўз сабаблари бор аслида. Уларнинг ҳар бири ҳақида тўхталиб ўтирмадик.

Аммо бир нарса аён – изланган, янги-янги ташаббусларга қўл ураётган, фаолиятини бугунги давр шиддатига мослаштиришга ҳаракат қилаётган, муштарийларга пухта ишланган, ишончли хабарлар, чуқур таҳлилий-танқидий мақолалар улашаётган нашрлар аста-секин ривожланиб бормоқда. Матбуотнинг юксалиши, қайта ўз измига тушиб олиши учун ягона йўл ҳам шу аслида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?