Муҳтожликдан қўзиқорин қутқарди
Ўтган йилнинг сентябри охирида қоплардаги чигит қипиғи – шелухага уруғ сепиб қўзиқорин етиштиришга киришган оила орадан тўрт ойча вақт ўтгач салкам 40 миллион сўм даромад кўрди. Гап Қоровулбозор туманидаги Бўстон маҳалласида истиқомат қилувчи Улуғбек Ҳамидовнинг хонадони ҳақида бормоқда. Ваҳоланки, ўтган йилнинг бошида ишсиз, даромади йўқлиги туфайли у кам таъминланган оилалар қаторида турганди.
Аслида ҳеч қандай мўъжиза юз бергани йўқ. Маҳалла еттилиги Улуғбекда ишлаш, ночорликдан халос бўлмоқ истагини кўриб, унга ёрдам қўлини чўзди. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияномасига кўра, оила соҳибига банк томонидан 33 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди. У. Ҳамидов шу сармоянинг бир қисмини қўзиқорин етиштиришни йўлга қўймоққа сарфлади.
— Қўзиқорин етиштириш технологиясини обдан ўргандим, — дейди Улуғбек. — Менга маъқул бир жиҳати у қисқа муддат оралиғида истеъмол учун тайёр бўлади. Қолаверса, қўзиқоринни ертўла ёки омборхона вазифасини ўтайдиган жойда ҳам етиштириш мумкин. Қопчалардан кунига 10 – 15 килограмм атрофида ҳосил олиб, савдо дўконларига етказяпмиз. Килоси 30 минг сўм атрофида.
Улуғбек Ҳамидовнинг қўзиқориндан мўмай даромад топаётганини кўрган маҳалладаги айрим эҳтиёжманд оилалар ҳам «олма пиш, оғзимга туш» дея юришдан наф йўқлигини англаб етишди. Ахир, ҳудудда яшаётган 1300 нафарга яқин аҳоли ихтиёрида жами 36 гектар томорқа бор. Ундан оқилона фойдаланилса камбағаллик балоси яқин ҳам йўламайди. Айтмоқчи, ҳалол меҳнат ортидан барака топаётган У. Ҳамидов хонадонини энди камбағал оилалар рўйхатида учратмайсиз.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Ўзбекистон дунёдаги сайёҳлар оқими энг тез ўсаётган етти мамлакатдан бири — БМТ ҳисоботи
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг