Муҳтож оилалар ўз уйларига эга бўлди
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Шўрчи тумани «Какан» маҳалласида яшовчи Санам Абдураимова ёлғиз она, бир нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи билан ажралганидан кейин уйсиз қолганди. Мамлакатимиздаги кучли ижтимоий сиёсатнинг амалдаги ижроси билан унга янги уй берилди.
— Уйи борнинг ташвиши йўқ — дейди Санам Абдураимова. — Икки хонали бўлсада, ўз уйим бўлишини орзу қилардим. Лекин бу имконсиз туюларди. Қизимни онамга қолдириб, хорижга ишлагани кетмоқчи бўлдим. Шундай кунларнинг бирида маҳалла фаоллари келишди. Ота уйда уч-тўрт оила яшаётганимизни инобатга олиб, уйга муҳтожлар рўйхатига киритишди. Саховатпеша инсонлар қисқа фурсатда уч хонали уй қуриб беришди. Айни пайтда тикувчилик курсида бепул ўқияпман. Курсни тамомлашим билан тикув машинасига ҳам эга бўламан. Энди рўзғоримни ўзим тебратишга имконим бор.
Бугун Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва халқ манфаати ҳамма нарсадан устун. Ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароитлари яратилмоқда. Бундай эзгу мақсадларга эришиш учун дунёдаги ноёб демократик тузилма бўлган маҳалла институтининг катта имкониятларидан самарали фойдаланиляпти.

— Маҳалламизда аҳолининг барча қатлами, жумладан, кам таъминланган, ногиронлиги мавжуд, ёлғиз, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди «Какан» МФЙ раиси Хайрулла Аллаев. — Бунда давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 сентябрдаги «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори дастуриламал бўлмоқда. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ўрганилди. Камбағал деб топилган оилалар рўйхатини ҳокимликка тақдим қилдик.
Зиёдулло Ҳайдаров иккинчи гуруҳ, турмуш ўртоғи биринчи гуруҳ ногирони. Чорасизликдан шу кунгача бир уйда учта оила яшаб келаётганди. Хатловда кўмакка муҳтож оилалар рўйхатига киритилган оилага ҳомийлар кўмагида уч хонали уй қуриб берилди.

— Анча йилдан бери уй қуришга имконимиз бўлмаётганди, — дейди оила аъзоси Шаҳноза Бобоқулова. — Бугун ўз уйимизда меҳмон кутяпмиз. Тўрт нафар фарзандимизни шу уйда тарбиялаб, жамиятимиз учун нафи тегадиган инсон қилиб тарбиялашга ваъда бераман.
Маҳаллада 4 минг 600 нафар зиёд аҳоли истиқомат қилади. Хатловда 20 та камбағал оила рўйхати шакллантирилган эди. Ана шу оилаларнинг ҳар бири секторлар ҳамда ташкилотлар раҳбарларига бириктириб берилди. Улар «Камбағалликдан — фаровонлик сари» дастури ижроси доирасида «маҳалла еттилиги» билан баҳамжиҳатликда аниқ тузиб чиқилган чора-тадбирлар асосида иш олиб бормоқда. Маҳалла фаоллари шу йил охиригача оилаларни камбағалликдан чиқаришни мақсад қилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг