Мудофаа вазирлиги ташкил қилган пресс-турда саволларга ўрин қолмади

00:36 25 Декабрь 2020 Жамият
1930 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Одатда, бирор давлат ёки жамоат ташкилоти томонидан уюштириладиган пресс-турда журналистлар муайян фаолият бўйича оммани қизиқтирган долзарб саволларга жавоб олиш истагида бўлади. Мудофаа вазирлиги томонидан «Ватанпарварлик ойлиги» доирасида ташкил этилган пресс-турда ҳам ҳарбий мавзуни ёритувчи журналист ва блогерлар қатор саволларни тайёрлагани тайин. Аммо тадбир мезбонлари бунга заррача ўрин қолдирмади. Чунки…
Дастлаб пресс-тур иштирокчилари Қуролли Кучлар академиясида яратилган шароит, муҳит ва тартиб-таомиллар билан яқиндан танишиб, курсантлар билан ўтилаётган машғулотларни кузатди. Академия тарихи музейи, кутубхона, ошхона, ётоқхона, спорт майдончаси энг сўнгги русумдаги жиҳозлар билан таъминлангани, умуман, курсантларнинг билим олиши учун барча шароит муҳайё этилганига гувоҳ бўлдилар.

Шундан сўнг иштирокчилар Чирчиқ гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмга бориб, сўнгги йилларда вертолёт авиациясида қўлланилаётган учиш аппаратлари, уларнинг имкониятлари ва техник тавсифлари билан яқиндан танишдилар. Ҳатто, улардан бирида мовий осмон кенгликлари бўйлаб парвоз қилишга муяссар бўлдилар.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»


– Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, унинг сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир бўлган, замонавий, ҳаракатчан, ҳар томонлама яхши қуролланган миллий армияни янада такомиллаштириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда, – деди Мудофаа вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби полковник Баҳром Зулфиқоров. – Айниқса, миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш, стратегик фикрлайдиган, интеллектуал савияси етук офицер кадрлар ва қўмондонлик, шунингдек сержантлар таркибини тайёрлаш жараёни янгича ўқув-техник ва маънавий-ахлоқий асосда ташкил этилмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

 

Буларнинг барчаси армиямизнинг қиёфаси ва жанговар имкониятларини, ҳарбий жамоалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни тубдан ўзгартириш имконини берди. «Ватанпарварлик ойлиги»ни ўтказишдан асосий мақсад юртимизда яшовчи ҳар бир фуқарога ва ҳар бир оилага Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ўрни ва аҳамиятини етказиш ҳамда халқ ва армия якдил эканлигини амалда намоён этишга қаратилган.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»


Юртимиздаги оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бир қаторда турли вазирлик ва идораларнинг ахборот хизмати ходимлари иштирок этган пресс-турнинг навбатдаги манзили Мудофаа вазирлигининг «Чимён» тоғ тайёргарлиги ўқув-машқлар маркази бўлди. Ушбу баҳаво маскан, қулай инфратузилма, ўқув-моддий базада жанговар тайёргарлик машғулотлари учун аъло даражада яратилган ижтимоий-маиший шароитлар кўпчиликни ҳайратга солди. Бу ерда ҳарбий хизматчилар иштирокида тоғда ҳаракатланиш, қояга кўтарилиш ва тушиш каби реал вазиятга яқинлаштирилган кўргазмали ўқув машқлари ҳамда тоғда ҳаракатланишда зарур бўладиган техникалар намойиши ташкил этилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

 

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

 

Марказ меҳмонлари тоғли ҳудудда жанговар ўқотар қуроллардан нишонларга ўқ отиш, махсус тоғ тайёргарлиги симуляторида қуролдан отиш, қорда махсус анжомлар билан чанғида ҳаракатланиш, парапланда учиш ва қўниш завқини кўриш, туйиш баробарида унинг масъулиятини ҳам ҳис этди. Қолаверса, пурвиқор тоғлар бағрида от спорти билан чиниқаётган чавандозлар тулпори жиловига «вақтинча эгалик» қилиб, бир дам сайр этди. Учқур от устидаги оний лаҳзалар суратга муҳрланди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»


Пресс-тур сўнгида иштирокчилар юрт ҳимоячиларининг хизмат фаолияти ва яратилган шароитлари бўйича олинган таассуротлари ҳақида ўзаро фикр алмашиб, оммавий ахборот воситалари орқали «Ватанпарварлик ойлиги»да Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган мақолалар, телелавҳа ва репортажларни тайёрлаш бўйича таклиф ва тавсияларини ўртага ташлади.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

 

Ватан ҳимоячиларининг хизмат фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш, она Ватан тақдири ва ҳимояси учун юксак масъулият ва жавобгарлик ҳисси билан фидойилик кўрсатаётган ҳарбий хизматчиларнинг замонамиз қаҳрамонлари сифатидаги қиёфасини акс эттириш мақсадида ташкил этилган пресс-тур шу тариқа ниҳояланди.

 

 

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий

коммуникациялар департаменти

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?