Муаммолар долзарблигича қолмоқда

Фото: Халқ сўзи
Нурафшонда Тошкент вилояти шаҳарлари инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалик масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари”, “Ўзсувтаъминот” AЖ, “Ҳудудгаз Тошкент”, “Тошкент сув таъминоти” ва бошқа тармоқ ташкилотлари мутахассислари, ОАВ вакиллари, блогерлар иштирок этди.
Айни дамда Тошкент вилояти шаҳар ва туманларидаги 471 минг 841 нафар аҳоли истиқомат қилувчи 5 мингга яқин кўп қаватли уйларга куз-қиш мавсумида коммунал хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш долзарб масала бўлиб турибди. Соҳа ходимлари кўп қаватли уй-жойларни сифатли иссиқлик манбаи билан таъминлаш учун 14 та локал қозонхона қуриш, 24 та мавжуд қозонхонани реконструкция ва модернизация қилиш, 47 та автоном қозонлар ўрнатиш ишлари мавжудлигини айтишди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 1 минг 118 километр масофага ичимлик сув тармоқлари тортишга эришилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 баробар кўпдир. 46 минг нафар аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланган, 222 минг нафар аҳолининг эса ичимлик сув таъминоти яхшиланган. Бундан ташқари кўп қаватли уйларнинг 254 минг 674 м2 том қисми, 205 та уйнинг ички муҳандислик тармоқлари ва коммуникация тизимлари таъмирланган. Кўп қаватли уйлар оралиғига 32 та замонавий болалар майдончаси қуриш жараёнига республика бюджетидан 1,6 млрд.сўм маблағ сарфланган. Ана шундай натижалар билан бир қаторда, соҳада ҳали ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар талайгина. Айниқса, Чирчиқ, Нурафшон, Янгийўл, Олмалиқ шаҳарлари, Бўка, Зангиота, Пискент туманлари аҳолисидан айни масалаларда ушаётган эътирозлар сони ортиб бормоқда.
Аҳолига табиий газ, электр қуввати, тоза ичимлик суви етказиб бериш борасидаги мавжуд камчилик ва нуқсонларни бартараф этишда амалий чора-тадбирлар белгиланмоқда. Хусусан, йил охиригача яна 300 км масофага ичимлик ва оқава сув тармоқлари тортилиши режалаштирилган. Электр таъминоти соҳасида ҳам шундай рақамлар мавжуд, яъни: 26,7 млрд.сўм маблағлар ҳисобига 278 км тармоқлар қурилиб, реконструкция ва модернизация қилиш ишлари амлга оширилиши керак. Истеъмолчиларга замонавий электр ҳамда газ ҳисоблагичлари ўрнатиш жараёнлари ҳам долзарблигича қолмоқда.
Вилоятнинг олис ҳамда чекка жойларида яшовчи аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, табиий газ таъминоти етиб бормаган маҳалла ва қишлоқлар, тоғли ва тоғолди ҳудудларига суюлтирилган газ, кўмир етказиб бериш ишлари ҳам жадалликни талаб этаётир. Бу йилги куз-қиш мавсумида аҳолининг 3,9 минг тонна суюлтирилган газ ва 72 минг тонна кўмирга эҳтиёжи борлиги аниқланди. Бу борада майян ишлар қилинган бўлса-да, ҳали режадаги ишларни ниҳояламоқ зарур.
Тадбирда яна бир долзарб масала атрофлича муҳокама қилинди. Бу — аҳоли хонадонлари ва махсус белгили жойлардан маиший чиқинди олиб кетиш хизматидаги ютуқ ва муаммолардир. Ҳозирда вилоят аҳолисининг 88 фоизи соҳа ходимлари хизмати билан қамраб олинган, жорий йилнинг ўтган 9 ой давомида 1,1 млрд.сўм маблағлар ҳисобига 23 та чиқинди йиғиш майдонлари қурилган бўлса-да, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси ҳамон пастлигича қолмоқда. Шу боис бу борада яхши натижалар берувчи, хорижий инвесторлар иштирокидаги янги лойиҳаларни амалга ошириш кун тартибидаги вазифадир.
Шодиёр МУТАҲАРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг