Муаллимнинг тарихий кутубхонаси

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Жарқўрғон туманининг маданий меросини ўрганишни истаган ҳар бир киши учун Жарқўрғон минораси муҳим аҳамиятга эга. Бу минора 1109 йилдаги салжуқий ҳукмдор Султон Санжарнинг фармонига кўра қурилган бўлиб, ўз даврида бутун минтақа учун маданият қўрғони вазифасини ўтаган. Бу тарихий ёдгорликка туташ ҳудудда яна бир ажойиб гўша бор. Бу саксон ёшли кекса муаллим Жонпўлат Эрмуродов томонидан ташкил этилган шинам кутубхона.
Жонпўлат ота «Жарқўрғон минораси» маҳалласида истиқомат қилади. У кўп йиллар давомида ёшларга маърифат улашди, юзлаб шогирдларни камолга етказди. Шу улуғ ёшда ҳам отахон ўз ҳисобидан кутубхона очиб, маҳалла аҳлига зиё тарқатмоқда. Кекса муаллим қаерга бормасин, янги китоб ёки нашр излаб, доимий равишда шахсий кутубхонасини бойитиб келади. Бугунги кунда бу кутубхона фондида 5 мингтадан ортиқ китоб мавжуд. Ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари, энциклопедиялар, дарсликлар, айниқса, болалар адабиёти намуналарига алоҳида ўрин ажратилган. Жонпўлат отанинг кутубхонаси маҳалла аҳли учун нафақат китобхона, балки маърифат маскани, мулоқот майдони, ўзбек тили ва адабиётига бўлган муҳаббат масканига айланган. Куну тун кутубхонага мутолаа ва муҳокама учун ёшлар тўпланади. Жонпўлат ота улар билан мулоқот қилиш, ҳаётий сабоқ беришдан эринмайди.
— Бугун интернет ҳаётимизни бутунлай ўзгартириб юборди, — дейди Жонпўлат ота. — Тўғри, интернет чексиз имкониятлар, туганмас ахборотлар макони. Бу макондаги улкан қулайликлар туфайли кўпчилик кунини интернетда бошлаб, шу билан якунламоқда. Аммо бу «ўргимчак тўри» сўнгги вақтларда, айниқса, ёшларнинг ҳаётини том маънода изидан чиқариб юборишга ҳам қодир. Маънавияти мустаҳкам одам интернетдан оқилона фойдаланади. Барибир тафаккурни чархлайдиган восита китоб мутолааси. Ҳар қандай билимни, касбни чуқур эгаллашнинг йўли китоб ўқишдир. Кутубхонам шу мақсадга хизмат қилсин дейман.
Кутубхона фақат китоблар тўплами эмас, балки Жонпўлат отанинг ўзига хос маънавий мероси. У ерга келган киши тарихнинг нафасини ҳис қилади, нурхонадан чиққиси келмайди.
Эътиборлиси, Жонпўлат отанинг ушбу ташаббуси қўллаб-қувватланиб келинмоқда. Республика Маънавият ва маърифат маркази Жарқўрғон тумани бўлинмаси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси маҳалла зиё масканига юздан ортиқ ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарига бой китоблар жамланмасини совға қилиб, китоб фонди янада бойишига ҳисса қўшди.
Бу совғалар Жонпўлат отанинг меҳнатини янада рағбатлантирди. Маҳалла аҳлини қувонтирди. Энди китобхонада янада кўпроқ китоблар мавжуд бўлиб, ёшларнинг билим олиш имконияти кенгайди. Жонпўлат отанинг ушбу хайрли ташаббуси кўпчиликка ўрнак, эътироф ва эътиборга лойиқдир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг