Мўъжиза бағридаги мўъжиза  ёхуд Бухоро хаттотлик санъатини қайта тиклаш йўлида муҳим қадам ташланди

12:09 03 Ноябрь 2022 Жамият
436 0

Фото: Халқ сўзи

Хаттотлик санъати жозибадор қадриятларимиздан бири. Давлатимиз раҳбари Ислом цивилизацияси марказида қурилиш жараёнига масъул мутасаддилар ва тарихчи олимлар билан мулоқот чоғида хаттотлик мактабига эътиборни кучайтириш зарурлигини таъкидлагани ҳам бежиз эмас.

— Бу санъат Шарқда ҳуснихат, хаттотлик, Ғарбда эса каллиграфия номи билан кенг шуҳрат қозонган, — дейди Баҳоуддин Нақшбанд жомеъ масжиди имом-хатиби, хаттот Абдулғафур Раззоқов. — Ушбу санъат усталари – хаттотлар ўз даврларида катта обрў-эътиборга эга бўлишган.

Дарҳақиқат, қадимда юртимизда бу санъат бениҳоя тараққий этган. Унинг бир нечта мактаби вужудга келган. Масалан, Бухоро хаттотлик мактабининг Мирали Ҳиравий ( вафоти 1557 йил), Мир Убайд Бухорий (вафоти 1601 йил), Мир Ҳусайн Кўланкий Бухорий (ХVI аср) каби йирик вакиллари бўлган. Хоразм, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент хаттотлик мактабларида ҳам ўз ишининг устаси саналган кўплаб зиёлилар етишиб чиққан.

Шу ўринда диққатга молик бир далилга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Бухоро хони Абдулазиз Муҳаммадхон (1645 -1681 йиллар) Ҳофиз Шерозий девонининг хаттот Ҳожи Ёдгор томонидан кўчирилган нусхасини Эрон ҳукмдори Шоҳ Сулаймон Сафийга совға тариқасида юборади. Ҳукмдор девонни қўлига оларкан, унга «Бир неча мамлакат туҳфасига тенг хазина», дея баҳо беради.

Эътиборлиси, хаттотлик санъати фақат китобат билан чекланиб қолмаган. Меъморчилик ва халқ амалий санъатида ҳам ҳуснихатдан кенг ва оқилона фойдаланилганини кўриш мумкин.

— Юртимиздаги қай бир тарихий ёдгорликни олиб қараманг, унда хаттотлик санъати намуналарини учратиш мумкин, — дейди бухоролик олим, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, манбашунос Комилжон Раҳимов. — Масалан, Чорминорнинг пойдеворида Абдураҳмон Жомийнинг Бухоро васфига битган мўъжаз шеъри бор.Унда «Шарифлик мақоми Аллоҳнинг изни билан охирги марта Бухорога насиб этди» деган маъно мужассам. Эсимда, бир хорижлик сайёҳ «Шаҳрингиздаги ҳар бир обида мўъжизадир.Улардаги битиклар эса мўъжиза ичидаги мўъжизага ўхшайди», деган эди ҳайратини яшира олмай.

Биз бу ҳақида бежиз тўхталмадик. Юртимизда хаттотлик санъатини қайта тиклаш йўлида яна бир хайрли қадам ташланди. Бухоронинг машҳур Пойи Калон мажмуи билан уйғун тарзда шарқона услубда қад ростлаган бинода «Ал-Манар» араб тили ва хаттотлик маркази иш бошлади.

«Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги» доирасида мазкур марказнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда халқаро сайёҳлик ташкилотлари, диний идоралар, жамоатчилик вакиллари, соҳа экспертлари, диний таълим муассасалари толиби илмлари, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Жанубий Корея, Малайзия, Индонезия каби давлатлардан ташриф буюрган меҳмонлар иштирок этдилар.

Маросимда Бухоро хаттотлик мактаби тарихи, янги марказнинг мақсад ва вазифалари ҳақида сўз борди. Ҳафталик доирасида хаттотлар ўртасида ўтказилган танлов ғолиблари тақдирландилар. Бу ерда ташкил этилган «Ислом хаттотлиги» кўргазмаси ҳам барчада катта таассурот қолдирди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер