Монополияга қарши курашиш бўйича муҳим масалалар муҳокама қилинди
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Бугун Самарқанддаги Халқаро туризм марказида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо давлатларнинг монополияга қарши қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатларини биргаликда бартараф этиш бўйича штабининг 43-йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур йиғилиш кун тартибидаги муҳим мавзулар рақобатга қарши келишувларнинг олдини олиш, нархларни тартибга солиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Анжуманда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон делегациялари қатнашди. Иштирокчилар МДҲ мамлакатлари монополияга қарши қонунчилигининг ҳозирги ҳолатини таҳлил қилди.

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Халилулло Тўрахўжаев штаб доирасидаги ҳамкорликнинг аҳамиятини алоҳида қайд этиб, МДҲга аъзо давлатлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик глобаллашув таҳдидларига тезкор жавоб бериш имконини бериши ва давлатлар ўртасидаги ишонч мустаҳкамланишини таъкидлади.
Йиғилиш иштирокчилари МДҲ мамлакатларида рақобат қонунчилиги бузилишларининг олдини олиш бўйича замонавий ёндашувларни, шу жумладан, рақобат соҳасидаги қоидабузарликлардан жабрланганларнинг фуқаролик ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва нархларни давлат томонидан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий жиҳатларни муҳокама қилди. Шунингдек, тадбирда маркетплейс платформаларининг шаффофлигини ошириш ва антимонопол комплаенс тизимларини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.

Ҳар бир давлат делегацияси ушбу чораларнинг қўлланилиши бўйича ўзаро тажриба алмашди. Ўзбекистон делегацияси контрафакт маҳсулотларни сотишга жавобгарликни кучайтиришни таклиф қилди ва бу иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.
Йиғилиш доирасидаги ташаббуслар МДҲ давлатларида рақобат муҳитини ривожлантиришга қаратилган келажакдаги қарорлар учун асос бўлади.
Эртага, 29 ноябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг монополияга қарши сиёсат бўйича давлатлараро кенгашининг 57-мажлиси бўлиб ўтади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг