Молия вазирлиги давлат қарзининг ҳолати ва ўзгариши тўғрисидаги ахборотларни ҳар чоракда расмий веб-сайтига жойлаштириб боради

11:23 04 Август 2022 Сиёсат
361 0

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

Сенатининг йигирма тўққизинчи ялпи мажлисида «Давлат қарзи тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

Қонун билан давлат қарзи ва унга хизмат кўрсатиш харажатларининг устуворлиги, давлат қарзининг чекланган ҳажмлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатларни белгилаш кўзда тутилган.

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

Шунингдек, қонунни ишлаб чиқишда давлат қарзини бошқаришда парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича самарали яхлит тизимни яратишга эътибор қаратилган.

Қонун билан давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги, давлат қарзи ҳисобидан фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкинлиги белгиланмоқда.

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

Қонун нормаларига мувофиқ давлат қарзини бошқариш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиси палаталари, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва Молия вазирлигининг ваколатлари белгиланмоқда.

Хусусан, Молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш бўйича ваколатли орган этиб белгиланмоқда.

Давлат қарзи ва давлатнинг шартли мажбуриятлари бўйича хатарларни бошқариш, давлат қарзини бошқаришнинг асосий принциплари, мақсадлари ва стратегияси ҳамда давлат қарзи бўйича мажбуриятларни ўз вақтида
ва тўлиқ бажарилиши, давлат қарзини барқарор даражада сақлашга қаратилган нормалар аниқ белгилаб берилмоқда.

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

Бундан ташқари, Қонунда давлат кафолатини бериш тартиби, давлат кафолати берилмайдиган ҳолатлар, қарз олувчи-резидентларнинг мажбуриятлари, давлат кафолатини бекор қилишга оид қоидалар ўз аксини топган.

Таъкидланганидек, давлат қарзи бўйича мажбуриятларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши Ўзбекистон Республикасига қарз олувчи сифатидаги ишончнинг ортишига, бу эса ўз навбатида келгусида зарур маблағларнинг мўътадил нархларда жалб қилинишига ёрдам беради.

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

Давлат қарзи тўғрисидаги маълумотлар ва шу билан боғлиқ жараёнлар ҳақида фуқароларимизни тўлиқ хабардор қилиш тартиби ҳам Қонунда ўз ифодасини топган.

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

Шу мақсадда, Молия вазирлиги томонидан давлат қарзининг ҳолати ва ўзгариши тўғрисидаги ахборотлар йилнинг ҳар чорагида ўз расмий веб-сайтига жойлаштирилиши белгиланган.

Давлат қарзи тўғрисидаги ахборотнинг очиқлиги ва ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?