Мирзачўл инновацион қишлоқ хўжалиги Азамат мактаби фаолиятини бошлади

09:28 03 Февраль 2026 Жамият
281 0

Фото: ТДАУ ахборот хизмати

Жиззах вилоятида Мирзачўл инновацион қишлоқ хўжалиги Азамат мактаби фаолиятини бошлади. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 декабрь куни қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилди.

Кеча Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Фермерлар кенгаши, Тошкент давлат аграр университети ҳамда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази вакиллари иштирокида мазкур мактабнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Фото: ТДАУ ахборот хизмати

Лойиҳанинг биринчи босқичида Жиззах вилоятининг Мирзачўл, Дўстлик ва Арнасой туманларининг 100 нафардан ортиқ фермерлари учун махсус 40 соатлик ўқув курсига старт берилди. Ўқув жараёнлари юқори малакали профессор-ўқитувчилар ҳамда амалиётчи мутахассислар томонидан пахтачилик ва ғаллачиликда илғор агротехнологиялар ҳамда инновациялар асосида олиб борилмоқда.

Фото: ТДАУ ахборот хизмати

Шунингдек, Тошкент давлат аграр университети ва Мирзачўл инновацион қишлоқ хўжалиги Азамат мактаби ўртасида илмий, ўқув, техник ва амалий ҳамкорлик қилиш бўйича келишув имзоланди.

Ушбу келишув фермер хўжаликлари ва агрокластерлар ўртасида билим ва малака алмашинуви, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда илмий-амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?