“Миниатюра томошаси”
...Сурхондарёда эдик. Сайроб қишлоғига кираверишда, совхоз идораси қошида “Газик”ни тўхтатдим.
– Чойхонасига борайлик, чойхонасига, – деди Саид Аҳмад ака.
– Ҳозир борамиз, – дедим.
Биз Қумқўрғондан келаётган эдик. Кун салқин. Ёмғир тинган эди.
Қарағайлар остидан ўтиб, идорага кирдим. Директор хонасиям очиғу, ҳеч зоғ йўқ.
Номер терадиган гирраги йўқ телефон трубкасини кўтардим.
– Алё, алё-о! – деди коммутатордан.
– Менга Омон ака керак.
– Омон ака йўқ-ку.
Мен қандай гаплашишни билардим.
– Топ! – дедим.
– Ҳозир, ака...
Бир неча дақиқадан кейин трубкадан Омон ака Тошматовнинг овози эшитилди:
– Ким ў-ў?
– Салом алайкум. Мен – Шукур, – дедим.
– Э, Шукурбой? Мундай... бир ёзувчи билан қидириб журипти, деб эшитаман. Жўнатдингизми?
– Йўқ. Мошинада ўтирипти.
– Берман опкелинг! Ҳозир. Эмаса хапа бўламан...
– Хўп.
“Газик”ка қайтдим...
Омон ака Тошматов – тоғдек киши сариқ беқасам чопонда, дарвозаси оғзига чиқиб турган экан.
Мен билан қучоқлашиб кўришаркан:
– Оти нима? – деб сўради.
Кейин у Саид Аҳмад билан қучоқлашиб кўришди. Ичкарига кирдик...
Фотиҳа ўқидик...
– Биз Шукурбойнинг отасини қўлига сув қуйиб жургич эдик... – деб тост айта бошлади Омон ака. – Шўўнда у киши район газетасининг редактири эди. Мана, ота касбини олиб денг, одам бўп қолди. Сиздай ёзувчи акаларини ияртиб журипти. Бунга раҳмат. Лекин раҳматнинг каттаси сизга ака!... – Омон ака менга зимдан қаради. “Саид Аҳмад” деб шивирладим. – Ҳа, раҳмат сизга, Саид Аҳмад ака!
Сўз айтиш гали Саид Аҳмад акага келди.
– Сиз Шукурни яхши билмас экансиз, – деб қолдилар.
– Бу катта ёзувчи бўлиб қолди.
– Ёлғон, – дедим.
– Ҳа, – деди Омон ака.
– Ёзувчи – сиз!.. Биз сизнинг бирашураларингизни кўп ўқиганмиз. Мақола, китап...
– Омон ака яна менга зимдан қаради.
Фалакнинг гардиши-да, телевизорда “Миниатюра томошаси” бошланган, экранда “САИД АҲМАД” ёзуви ёлқинланиб турарди.
Омон акага экранни кўрсатдим. У киши тикилиб қолди. Пичирлаб ўқиди. Кейин ўрнидан ирғиб туриб, ҳар иккала қўлини Саид Аҳмад акага узатди.
– Э, шў миниатюрачи сизми, а? А, мундай тушунтириб айтмайсизларми?.. ака, минатураларингизни кўриб, тоза моз-за қиламиз!
Саид Аҳмад ака хижолатомуз кулимсираб турарди.
–Биласизми, Омон ака,– деди кейин. – ... Мана шу Шукурбойингиз минатураниям қотириб ташлайди. Мана шундай-шундай китоблар ёзаяпти...
–Жўғ-е, – деди Омон ака.
–Э, ишонмайсиз-да!
–Сизга ишонамиз-у...
–Ишонсангиз, шу! Бизни қўйинг... буни ҳурмат қилинг!
–Ҳа, энди, оталарининг қўлиға...
–Э, ўзиям ота бўп қолди!
Ҳозир бунинг шогирдлари ҳам бор... Келинг, шу йигит учун ичайлик.
–Оббо, Шукурбой-е! – деди Омон ака ва пиёлани паққос бўшатди-да, туриб кетди.
–Бир майдон гурунглашиб туринглар.
У киши чиққач:
– Нега ундай дейсиз? – дедим Саид Аҳмад акага.
–Керак, болам, керак, – деди у киши. – ... Лекин мен бу одамнинг китоб ўқимаслигидан хафа бўлмайман. Хўжалик раҳбарларига маълум: вақти йўқ... Лекин қара, қандай кўнгли очиқ одам. Бундай одамлар ҳозир топилавермайди. Буларни қадрла.
–Майли-ю...
Омон ака қайтиб кирди.
–Оббо, бойсунлигим-ей, шўйтиб, ёзувчи бўп кетдик денг? Ўнда-мунда эшитиб жургич эдиг-у... Саид Аҳмад ака, сизларга раҳмат Изларингдан журиб...
–Сизларга раҳмат! – деди Саид Аҳмад ака. – Шундай ёзувчини берганларинг учун!
Мен хўрсиндим.
–Эй, чини билан-а! – деб юборди Омон ака...
–Саид Аҳмад ака, етар, – дедим.
–Жим ўтир! – деб дўқ қилди у киши. – Нима, сал мақтасам, мақтабман-да!
Кейин менга ўйчан тикилди.
–Биласанми, одатда энг яхши ёзувчиларниям фақат юртдошлари қадрламайди: олдингдан оққан сув… у ёғини сўрасанг, мен бу нарсани устозларимдан ўрганганман. Улар менинг боримни, йўғимни яшириб йўлга солган десам бўлади.
–Лекин улар ҳам баъзиларга…
–Ана “ўша”дан сабоқ олишган-да! – яна дўқ қилди Саид Аҳмад ака.– Сен учун ҳам сабоқ бўлсин. Қумқўрғонда бир мақол эшитдим: “Бўлар элнинг боласи бир-бирини ботир дер”. Қандоқ яхши! Ёзиб қўй!..
... Эртаси Бухорода ёзувчи Аҳаджон Ҳасаннинг уйида бўлдик. У киши район раҳбарларидан ҳам чақирган экан. Гап-гуринг орасида райкомнинг биринчи котиби:
–Энди-и, Сайдамат ака, сиз... расказ ёзасиз. Расказчик. Ғафур Ғулом – шоир, – деди.
–Ойбек роман ёзган. Демак, у киши романтик, а?
Мен бошимни хам қилдим.
Саид Аҳмад ака оёғимни босиб қўйиб:
– Жуда тўғри айтдингиз, – деди. – Лекин мана бу Аҳаджон Ҳасанингиз ҳам ёзувчи, ҳам романтик, ҳам шоир!
Давра аҳли Аҳаджон акага ҳайратланиб қаради.
Аҳаджон ака...
Шукур ХОЛМИРЗАЕВ
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг