Мини-футбол бўйича Ўзбекистон Нотариал палатаси кубоги турнирининг ғолиби аниқланди

16:08 02 Март 2024 Спорт
609 0

Фото: “Халқ сўзи”

“Нотариуслар соғлом турмуш тарафдори”шиори остида Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси кубоги учун мини-футбол бўйича турнир ташкил этилди.

Бу йил тўртинчи бор ўтказилган мусобақанинг ҳудудий босқичларида жамоалар 4 та — “А”, “В”, “Д”, “С” гуруҳларига бўлинган ҳолда ўзаро беллашди. Ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган Сурхондарё, Наманган, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри нотариусларидан ташкил топган жамоалар финалда ўзаро беллашди.

Қуръага кўра, финал босқичи ўйинларини Хоразм ва Наманган вилояти жамоалари бошлаб берди. Қизғин ва ҳужумларга бой ўтган баҳснинг асосий вақтида 1:1 ҳисоби қайд этилди. Пенальтилар сериясида Хоразм вилояти нотариусларига омад кулиб боқди — 3:2.

Финал йўлланмаси учун кечган иккинчи баҳсда Тошкент шаҳри ҳамда Сурхондарё вилояти жамоалари ўзаро куч синашди. Унда 3:2 ҳисоб билан пойтахтлик нотариуслар ғалаба қозонишди.

Шу тариқа Сурхондарё ва Наманган вилоятлари жамоалари учинчи ўрин учун ўзаро беллашадиган бўлди. Ўйинда 7:2 ҳисобида наманганлик нотариуслар ғалабага эришди.

Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳар нотариуслари ўртасида бўлиб ўтган финал баҳсининг асосий вақтида ғолиб аниқланмади — 2:2. Пенальтилар сериясида Хоразм вилояти нотариуслари 4:3 ҳисобида ғалаба қозонишди ва Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси кубоги соҳибига айланишди.

Фото: “Халқ сўзи”

Ҳаваскор футболчиларни Адлия вазирлиги нотариат, адвокатура ва ҳуқуқий хизматлар бошқармаси бошлиғи Маъсум Ҳотамов, Ўзбекистон Нотариал палатаси раҳбарияти қутладилар.

— Ушбу спорт байрамлари нотариуслар орасида мунтазам ўтказиб келинишидан мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, нотариуслар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, дўстона муносабатларни кучайтиришдан иборат, — деди тақдирлаш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Нотариал палата раиси Дилшод Ашуров.

Якунда ғолибликка эришган ва совринли ўринларни қўлга киритган жамоаларга Нотариал палата кубоги, диплом, медаллар ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?