Мингбулоқда Корея шоличилик инновацияси йўлга қўйилди

13:05 12 Июль 2024 Жамият
646 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Мингбулоқ тумани иқтисодиётида аграр соҳаси муҳим ўрин тутади. Майдонларида пахта, ғалла, полиз экинларидан ташқари, шоли ҳам етиштирилади. Кейинги пайтда кўчатни ундириб олиш ва парваришлашда қўл меҳнатининг улуши юқорилиги туфайли шолизорлар сезиларли даражада қисқарди.

Жанубий Корея Республикасининг Буевоо қишлоқ хўжалиги билан ҳамкорлик алоқалари шоличилик ривожига катта ҳисса қўшмоқда. Икки йилдан бери корейс мутахассислар билан сифатли уруғ етиштириш, дала ишларига замонавий техника воситаларини қўллаш борасида фикр алмашиб келинмоқда.

Маълумки, шолининг ҳосилдорлиги кўчатни муваффақиятли жойлаштириш билан боғлиқ. Бу юқори сифатли тайёрланган майдонга уруғ сепиш ёки ундирилган кўчатларини ўтқазиш орқали амалга оширилади. Соҳа меҳнатчилари учун иккинчи усул ҳар жиҳатдан қулай. Ҳозир Мингбулоқда шоли кўчатини экиш Корея давлатида ишлаб чиқарилган махсус машина ёрдамида бажарилмоқда. «Момохон олтин замин даласи» фермер хўжалигида корейс мутахассислари билан ташкил этилган лаборатория зарур ускуналар билан жиҳозланган. Махсус жойга сепилган «Аланга», «Искандар» навли 600 килограмм сара уруғ бехато унди. Яхшилаб сув бостирилган 11 гектар майдонга «Yanmar» русумли кўчат экиш машинаси киритилди.

— «Yanmar» машинасининг иш унумдорлиги юқори, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Дилноза Ҳамдамова. — Унинг ёрдамида бир кунда 4 гектар ерга кўчатларни жойлаштирса бўлади. Одатдаги усулда бир гектар ерни қўлдан чиқариш учун 50 киши кун бўйи энгашиб сув тўла шолипоядан чиқмасди.

Фермернинг синов тариқасида амалга оширилаётган ишлар натижасидан умиди катта. Корейс ҳамкорлар тажрибасини қўллаш натижасида гектарлар ҳосилдорлиги 20 центнерга кўпайиб, 80 центнердан ошмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер