“Мингбулоқ” газетаси – навбатдаги грант соҳиби

09:38 16 Июль 2025 Жамият
128 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Мингбулоқ туманида чоп этилаётган «Мингбулоқ» газетаси ўзининг 70 йиллик тарихи ва анъаналарига эга. Қўриқ туман аҳлининг кундалик ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган нашр жамоаси мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий дастурлар ижросида ҳам фаол.

Буни таҳририят Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий муҳофаза ва соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит ва санитар-гигиеник ҳолатни яхшилаш, таълим, маданият ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, коррупцияга қарши курашиш каби йўналишларда эълон қилинган давлат гранти танлови ғолиблари қаторидан ўрин олганлиги ҳам тасдиқлайди.

— Бу галги грант учинчиси, — дейди газета муҳаррири Қосимжон Акбаров. — Бунга қадар «Аждодлар жасорати — авлодларга мерос», «Соғлом турмуш тарзи — бахтли яшамоқ фарзи» деб номланган лойиҳалар бўйича ҳам ғолиб чиқиб, уларни муваффақиятли амалга оширган эдик.

Айрим туман газеталари саноқлигина миқдорда босилаётган пайтда бир марталик адади уч минг уч юз нусхадан зиёдни ташкил этаётган «Мингбулоқ»қа навбатдаги танловнинг 60 миллион сўм маблағи ажратилди. «Коррупция — тараққиётга таҳдид, умрга завол» мавзусида қатнашган таҳририят янги лойиҳани туман ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида тўлақонли бажариш учун астойдил киришди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?