Миллионларни мафтун этаётган шаҳар
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Ҳар манзилнинг ўз хислати бор. Наманган ҳақида гап кетганда дарров хонадонлардан тортиб кўча ва хиёбонлар, ишхоналар атрофигача гулларга бурканган кент гавдаланади кишининг кўз ўнгида. Табиатсевар шаҳарнинг яна бир қадрияти бор – ҳар йили баҳорда бу ерда гуллар байрами Халқаро даражада нишонланади. Мана навбатдаги 63-фестивалнинг бошланганига ҳам ўн кундан ошди. Бу ерда гулу чечаклардан яратилган бетакрор манзаралар, истироҳат боғларида намойиш этилаётган маданий ва кўнгилочар тадбирлардан баҳраманд бўлиш учун ташриф буюраётганларнинг кети узилмайди. Маълумотларга қараганда, ўтган вақт ичида гул сайлига келган меҳмонлар сони тўрт миллион кишига яқинлашибди. Уларнинг 150 минг нафардан кўпроғи узоқ ва яқин хориждан келган сайёҳлардир.

Фестивалга ташриф буюрган нафосат ошуфталари энг аввало шаҳар марказидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғига ошиқадилар. Анжуманга ҳозирлик жараёнида бу ерда 30 миллион тупга яқин юздан ошиқ турдаги гул кўчатлари ўтқазилди. Ландшафт дизайни усталари ва моҳир боғбонлар тасаввури ёрдамида табиий гул ва чечаклардан яратилган кўргазмаларнинг ҳар бири ҳайратли, кўриб кўзингиз қувнайди. Боғнинг киравериш қисмида дунёнинг етти мўъжизаси кўринишлари — Ҳиндистонда бобурийлар томонидан қурдирилган Тожмаҳал мақбараси, Миср пирамидалари, Париждаги Эйфел минораси ва бошқа иншоотларнинг мини нусхалари эътиборни тортади. Анжуман ҳақида эшитиб олис хинд ўлкасидан атайин ташриф буюрган Правеенлар оиласини шу ерда учратдик. Эр-хотин Наир ва Анипама икки қизлари билан бетакрор манзараларни томоша қилиб юришган экан.

— Гулнинг ўзи гўзал. Ундан яна бир гўзаллик яратиш эса маҳорат. Ҳар бири маълум бир мазмун-маънони англатувчи композициялардан завқ олиб, тасвирларни фотокамерамизга муҳрлаяпмиз, — дейишди меҳмонлар.
Дарҳақиқат, фестивалнинг довруғидан хабар топиб, уни ўз кўзи билан кўриш учун келган хорижликлар сафи бу йил анча кенгайган. Япония, Туркия, Германия, Эрон, Россия ва бошқа давлатларнинг сайёҳлари ўз таассуротларини интернет орқали ҳамюртларига баён этиш билан банд. Гул сайлига оммавий равишда келаётган қирғизистонлик қўшниларнинг салмоғи, айниқса, эътиборга молик. Ўтган кунлар ичида уларнинг сони 80 минг кишидан ортди.

— Азалдан бир ариқдан сув ичиб келган ўзбек ва қирғиз халқларининг дўстлиги тобора мустаҳкамланмоқда, — дейди Ўш вилоятидан келган сайёҳ Нилуфар Саидова. — Байрамларимиз эса бизни янада яқинлаштиради. «Мундис турист» фирмаси орқали келган ўттиз киши гул сайлидан ўзгача завқ-шавқ олдик.
Шу ўринда халқаро анжуман нафақат гуллар намойиши, балки, турли маданий тадбирлар, кўнгилочар томошалар билан иштирокчилар сайлига мазмун киритаётганини таъкидлаш ўринлидир. Хусусан, дастлабки ҳафтада Марказий Осиёда биохилма-хилликни таъминлаш, Наманган туризмининг истиқболлари ва бошқа мавзуларда ўтказилган илмий-амалий конференцияларда долзарб масалалар кўриб чиқилган бўлса, таниқли санъаткорлар томонидан ташкил этилаётган оқшом концертлари миллионлаб мухлисларга хуш кайфият бағишламоқда. «Афсоналар водийси» тематик паркида жаҳон ва ўзбек эстрадаси юлдузлари- Ғафур ва Шаҳриёр тақдим этган дастур давомида ижро этилган қўшиқларга ҳамоҳанг рақсга тушган йигит-қизларнинг қувончи бунга мисол.

Қирқ кун давом этадиган нафосат сайли кун тартибида ҳали кўплаб тадбир ва томошалар мухлисларини кутиб турибди. Кеча оқшом старт берилган «Мода ва истеъдод-2024» ҳафталиги файзли тадбирлардан бирига айланиши кутилмоқда. Унинг дастлабки куни наманганлик ёш дизайнерлар томонидан яратилган бежирим коллекциялар тақдимоти билан бошланди. Намойиш этилган миллий ва замонавий либосларнинг янгича талқинларида қадрият ва урф-одатларимиз уйғунлашган брендлар устуворлиги шундоққина сезилиб турибди. Июннинг биринчи куни уюштириладиган дрон шоу Наманган осмонида порлайдиган турфа манзаралар билан томошабинларга ҳаяжонли лаҳзаларни туҳфа этиши тайин. «Баркамол авлод» спорт мажмуасида шотокан каратэ-до бўйича икки кун ўтказиладиган халқаро очиқ турнирга жаҳоннинг бир қатор давлатларидан 500 нафар қўл жанги усталари ташрифи кутилмоқда. «Ахсикентдан Тожмаҳалгача» мавзуидаги илмий-амалий конференция ўз иштирокчиларини бинокорликнинг уч минг йиллик ўзбек давлатчилиги тимсолида архитектура мўъжизалари билан таништиради. Бундан ташқари Чустдаги Мавлоно Лутфуллоҳ боғида «Ўзбек палови маданияти» ош чемпиони, Попда «Лаванда сайли», «Оловли фонарлар» шоуси, Давлатободда «»Заковат» интеллектуал мусобақалари, Бобур боғида аския кечаси, «Фарғона водийсида миниатюра санъати» кўргазмаси сингари ранго-ранг тадбирлар ҳам кўзда тутилганки, уларнинг ҳар бири фестиваль меҳмонларида унутилмас таассурот қолдириши турган гап.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг