“Миллионлар ўйини”: биринчи мундиал қандай кечган эди?
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиши юртимизда “миллионлар ўйини”га бўлган қизиқишни янада оширди. Мухлислар 2026 йилда ўтадиган мундиални интиқлик билан кутмоқда, десак муболаға қилмаган бўламиз. Негаки, дунёда жаҳон чемпионатида қатнашишга орзуманд миллий терма командалар кўп. Аммо бу шараф ҳаммага ҳам насиб этавермайди.
Шу ўринда расман дастлабки жаҳон чемпионати қаерда, қай тарзда кечган, деган савол ҳам туғилади.Қуйида шу ҳақда сўз юритамиз.
Илк жаҳон чемпионати 1930 йилнинг 13 – 30 июль кунларида Уругвайда бўлиб ўтган. Унда майдон эгалари, шунингдек, Аргентина, Чили, Франция, Мексика, Югославия, Бразилия, Боливия, Перу, Руминия, АҚШ, Бельгия ҳамда Парагвай терма жамоалари иштирок этган. Мундиал мезбони сифатида Уругвай танлангани бежиз эмас. Бу терма жамоа ўтган асрнинг 20 – йилларида планетанинг энг кучли командаси саналарди. У 1924 йилда Парижда, 1928 йилда Амстердамда ўтган олимпиадаларда олтин медални қўлга киритганди.
Айнан олимпиада турнири доирасидаги футбол учрашувларининг спорт ихлосмандларида катта қизиқиш уйғотиши ФИФАни мустақил тарзда жаҳон чемпионати ўтказиш фикрига олиб келди. Бу ҳақдаги қарор ФИФА Конгрессида 2028 йилнинг 28 майида Амстердамда қабул қилинган. Нидерландия пойтахти ўша паллада ёзги олимпиадага мезбонлик қилаётганди.
Мундиални Уругвайда ўтказиш қарори қабул қилинди. Аммо кўплаб терма жамоаларда Жанубий Америкага логистика яъни манзилга етиб бориш билан боғлиқ муаммолар юзага келди. Охир – оқибат биринчи жаҳон чемпионатига Европадан атиги тўртта терма жамоа қатнаша олди, холос. Турнирнинг ўзи эса мундиаллар тарихида унда қатнашиш учун саралаш босқичдан ўтиш талаб қилинмаган ягона жаҳон чемпионати бўлиб қолди. Бошқача айтганда, Уругвайга етиб бориш эпини қила олган 13 та миллий терма жамоанинг барчаси бош соврин учун курашди. Ваҳоланки, турнир бошланишига икки ой қолганида ҳам унда Европа вакилларининг қатнашиши сўроқ остида эди.Аммо ФИФАнинг ўша пайтдаги президенти Жюль Риме ва сафар харажатларини ўз зиммасига олган ташкилотчиларнинг саъй – ҳаракати билан “кўҳна қитъа” нинг тўртта жамоаси Уругвайга боришга розилик билдирди.
Турнир бошида 13 та терма команда тўрт гуруҳга бўлинди.Бирида тўрт, қолганларида учтадан жамоа бор эди. Гуруҳ ғолибларигина кейинги босқичга чиқадиган бўлди. Омад Аргентина, Югославия, Уругвай ҳамда АҚШ вакилларига кулиб боқди. Аргентина – Франция терма жамоалари ўртасида кечган ярим финал баҳсида Жанубий америкаликлар томонидан 81 – дақиқада киритилган гол ўйин тақдирини ҳал қилди. Тўғри, ҳакам билан боғлиқ ғалати ҳолат ҳам рўй берди. Бразилиялик ҳакам Алмейда Рего учрашув якунига ҳали олти дақиқа вақт бўлишига қарамай ўйинни тугата қолди.Табиийки, французлар жиддий эътироз билдиришди. Узоқ муҳокамалардан сўнг ўйин давом эттирилди. Аммо Европа вакили ҳисобни тенглаштира олмади.
В гуруҳида эса шов – шувли натижа қайд этилди. Кутилмаганида бразилияликлар Югославия терма жамоасига 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйди.Натижада европаликлар ярим финалда Уругвай терма командасига рўбарў келди. Қизиғи, ярим финалдаги ҳар икки баҳсда ҳам бир хил натижа қайд этилди- 6:1. Аргентиналиклар худди шу ҳисобда АҚШни, майдон эгалари эса Югославияни енгди.
Уругвай ва Аргентина терма жамоалари ўртасидаги ҳал қилувчи баҳс 1930 йилнинг 30 июлида бўлиб ўтди.Расмий маълумотга кўра, бу ўйинни 68 минг нафардан сал зиёд мухлис бевосита стадиондан туриб томоша қилган. Норасмий манбалар эса учрашувни камида 90 минг томошабин кузатгани, шунинг 10 минг нафари аргентиналик ишқибозлар экани ҳақида хабар берган.
Учрашувнинг дастлабки бўлимидан сўнг Аргентина терма жамоаси 2:1 ҳисобида олдинда бораётган эди. Аммо танаффусдан сўнг майдондаги вазият тубдан ўзгарди. Таркибида олти нафар олимпиада чемпиони бўлган Уругвай терма командаси ташаббусни қўлга олиб, рақиб дарвозасига учта жавобсиз тўп йўллади. Қизиғи, финалда футболчиларнинг иккита ҳар хил тўп билан муомала қилишларига тўғри келди. Дастлабки бўлимда аргентиналиклар, 2 – бўлимда эса майдон эгалари тақдим этган тўп билан ўйналди.Бу икки терма жамоа ўртасидаги ашаддий рақобат ортидан ФИФА шундай йўл тутишга мажбур бўлди.
Айтмоқчи, илк мундиалнинг биринчи ғолибига айланган Уругвай терма жамоаси сафида бир қўлли футболчи Эктор Кастро тўп сурган.Иш жойида бахтсиз ҳодиса туфайли бир қўлидан ажралган Эктор Уругвайнинг жаҳон чемпионатидаги биринчи голини, шунингдек, финалдаги голлардан бирини ўз ҳисобига ёзиб қўйган.
Бевосита дастлабки мундиалга келсак, у турли халқларни дунёдаги энг суюмли ўйинлардан бири атрофида бирлаштирган биринчи турнир сифатида тарихда қолди.
Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг