Миллий тафаккур таназзули...
Германиялик сиёсий шарҳловчи, «Berliner Zeitung» нашри Геосиёсат бўлими раҳбари Томас Фасбендернинг сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов билан «Ўзбекистондан «Янги Ўзбекистон»гача: йўқотилган қалбни излаб…» номли суҳбатини ўқиб, кўнглимдан ўтган ўйлар
Миллат ўзи учун энг муҳим бўлган миллий тафаккурини, яъни ўйлаш, фикрлаш имкониятини асраб қолиши жуда зарур эканига юқоридаги суҳбатни ўқиб, яна бир бор иймон келтирдим.
Туркий халқлар ва дунё адабиётининг йирик намояндаси Чингиз Айтматов тафаккурдан айрилиш ҳодисасини “манқуртлик” деган бир сўз билан ифодалайди. Манқуртга айланиш ёки манқуртга айлантирилиш ҳодисаси тарихда ҳам, бугун ҳам кўп учрайди. Миллатнинг миллий тафаккурга бўлган эҳтиёжини ифодалашда сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов мутлақо янги иборани ишлатади — “йўқотилган қалбни излаб...”.
Қалби йўқолган, йўқотилган миллат, балки моддий томондан фаровон яшар. Лекин у озод фикрлашдан маҳрум бўлади. У эркинлик туйғусини ҳис этмайди, ҳис этолмайди. У қарамликни, қулликни курашсиз, норизо бўлмасдан, табиий қабул қилади. У бўйсуниб, муте бўлиб яшайди. Бундай одам учун муқаддас тушунчанинг ўзи йўқ. Мана қалбни йўқотиб қўйиш қандай аянчли аҳволга олиб келади. Қалб йўқотилиши миллат таназзулини билдиради. Миллатимиз қалбини суғуриб олганлар ўз вақтида мана шу ёвуз мақсадни кўзлаган эди.
Мустамлакачилик зулмига кўниккан миллат, ҳатто мустақилликнинг ҳам мазмун-моҳиятига етиб боролмайди. Унинг тафаккурида қўрқув, ҳадик ҳукмронлик қилади. У эркинлик ҳавосидан нафас ололмайди. Унинг ўпкаси рутубатга, чиркинликка тўлган. Қайсидир маънода биз мустақилликнинг йигирма беш йилини мана шундай вазиятда ўтказдик.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев миллатга миллий тафаккурини қайтарди. Миллатга фикрлаш, ўйлаш, эркин сўз айтиш туйғуларини қайтариб берди. 25 йил давом этган қалбни излаш азобига барҳам берилди. Миллий тафаккури қайтариб берилган миллат ўзининг тарихий илдизларини англаб етди.
Узоққа бориш керак эмас. Миллий тафаккуримиз таназзули оқибатида, ҳатто Марказий Осиёда ҳам яккаланиб, ёлғизланиб қолган эдик. Бунинг натижасида бир неча бор урушгача етиб борадиган таҳликали вазиятлар юз берди. Қони бир, жони бир, тили бир, дини бир халқлар ёвлашди. Миллий тафаккур таназзули туфайли биз дунёдан юз ўгирдик. Ўзбекистон, ҳатто Туркий тилли давлатлар ташкилотига ҳам аъзо эмасди. Бу таназзул келтирган салбий оқибатларни эслагинг ҳам келмайди — у сабаб қанчадан-қанча инсонлар фарёд чекди, зор қақшади.
Фақат 2016 йилга келиб, Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил тўлгандан сўнг Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, халқпарвар ва миллатпарвар сиёсати туфайлигина Ўзбекистон ўзгарди. Ўзбекистон янгиланди. Ўзбекистон дунёга очилди. Ҳеч ким кутмаган, тасаввур ҳам қила олмаган Янги Ўзбекистон яратилди.
Янги Ўзбекистон... Шу ўринда нимага Янги Ўзбекистон деган савол туғилади. Менинг назаримда, бу ном миллатни миллий тафаккурсиз яшаган даврларидан узоқлаштиради. Манқуртлик иллатига нисбатан исённи англатади.
Бугун Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистонида қалбини қидираётганлар эмас, балки тафаккури уйғоқ миллат яшайди.
Бир кун келиб моддий муаммолар ечилишини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. Лекин маънавий таназзулни бартараф этиш учун йиллар, ҳатто асрлар ҳам етмайди. Миллатни миллий тафаккур таназзулидан олиб чиққанларни миллий қаҳрамон деб аташ керак.
АҚШнинг биринчи Президенти Жорж Вашингтоннинг ўз вақтида, Америка халқи томонидан “Миллатнинг ишончли отаси” деб аталгани бежиз эмас, албатта.
Сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов билан суҳбатда илгари ҳеч қачон ишлатилмаган қуйидаги ибораларга ҳам эътиборингизни қаратмоқчиман: “Марказий Осиё даражасида якдил фикрлаш”, “ўйинчи катта куч марказлари манфаати”, “ижтимоий-сиёсий тушкунлик, ишончсизлик даври”, “миллий тафаккур”, “давлатнинг колониализм мафкурасига мойиллиги”, “ёпиқ ва дунёдан узилган давлат”, “миллий давлат ва миллат қуриш жараёнлари”, “урушлар, босқинлар тарихнинг бир бўлаги экан, демак, ҳукмронлар ва мазлумлар доим бўлади”...
Миллатни миллий тафаккур таназзулидан олиб чиқиш ҳақидаги ниҳоятда чуқур таҳлилий суҳбатни ўқиб, жуда таъсирландим. Бугун бизга юзаки гаплар, баландпарвоз мақтовлар эмас, айнан мана шундай таҳлиллар зарур.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг