Миллий ўзликни англашда топонимик мероснинг роли беқиёс

14:43 26 Декабрь 2025 Жамият
142 0

Ҳар бир халқнинг тарихини, маданиятини ва миллий ўзлигини акс эттирувчи энг муҳим манбалардан бири – бу жой номларидир. Тоғу тошлар, дарё ва кўллар, шаҳар ва қишлоқлар номлари, яъни топонимлар, нафақат географик белгиловчи элементлар, балки ўтмишдан келаётган бой маънавий хазинамиздир. Улар авлодларнинг хотирасини, яшаш тарзи, урф-одатлари ва дунёқарашини ўзида мужассам этган ноёб маданий мерос ҳисобланади. Топонимик меросни ўрганиш нафақат тарихий жараёнларни чуқурроқ англашга, балки миллий ўзликни шакллантириш ва мустаҳкамлаш имконини беради.

Дарҳақиқат, миллий ўзликни англаш, аввало, ўзи туғилиб ўсган юрт, унинг табиат ва жой номларига самимий меҳр билан қарашдан бошланади. Ҳар бир жой номи – бу она юртимизнинг қадр-қиммати, халқимизнинг буюклиги ва барқарорлигининг тимсолидир. Шу номлар орқали биз авлодлар занжири, уларнинг ҳаёти ва урф-одатларини ҳис қиламиз, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаймиз.

Бугун ҳар бир топоним бежиз яратилмаганлиги кўпроқ эътироф этилмоқда. Ахир, жой номлари ўзида нафақат географик жойлашувни, балки чуқур тарихий, этнографик ва маданий қатламларни ҳам акс эттиради. Уларнинг келиб чиқиши, замонлар оша қандай ўзгариб, қай шаклга киргани халқимизнинг кўҳна тарихи, қадимий урф-одатлари, дунёқараши ва ҳаёт тарзидан дарак беради. Баъзан биргина жой номи орқасида бутун бир элатнинг кўчиши, муҳим тарихий воқеа ёки буюк шахсларнинг хотираси яширинган бўлади. Айрим топонимлар қадимий уруғлар номидан, баъзилари эса табиий-географик шароитдан, тарихий жанглар, диний анъаналар ёки иқтисодий фаолият турларидан келиб чиққан. Демак, топонимларни ўрганиш орқали биз фақатгина жой номининг маъносини эмас, балки бутун бошли маданий контекстни, тарихий тафсилотларни ва миллий онг шаклланишининг муҳим босқичларини ҳам чуқурроқ англашимиз мумкин.

Албатта, номлар орқали тил ва маданият яшайди. Қадимий сўзлар, лаҳжавий иборалар, эски ўзбекча, форсча ёки туркий илдизлар топонимлар таркибида сақланиб қолган. Мисол учун, Бўстон — боғ маъносини англатса, Қизилтепа ернинг ранги ва рельеф шаклига, Шарқий Осиё эса ушбу ҳудуднинг географик жойлашувига ишора қилади.

Аксарият топонимлар фақатгина ўша ернинг номи бўлиб қолмай, балки ҳудуднинг табиий шароити, иқлими, рельефи, маданий ва тарихий хусусиятлари, баъзида эса фойдали қазилмалари ёки хўжалик фаолияти ҳақида аниқ маълумот беради. Масалан, Нурота тоғлари этак қисмида жойлашган Темирқобиқ, Темиркон, Зармитан, Зарбанд қишлоқлари ўрнида қадимданоқ темир ҳамда олтин фойдали қазилмаси қазиб олинган, жойнинг бу хил номланиши замонамизда ушбу ҳудудлар бўйлаб йирик конларнинг очилишига сабабчи бўлган.

Афсуски, тарихнинг айрим даврларида, айниқса мустамлака йилларида кўплаб тарихий жой номлари ўзгартирилган, миллий илдизлардан узилган. Бу эса миллий онгнинг сусайишига олиб келган. Шу сабабдан, бугунги кунда тарихий топонимларни тиклаш, уларни ўрганиш ва асраб-авайлаш, миллий ўзликни англаш, ёш авлодга тўғри етказиш муҳим вазифа ҳисобланади.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, топонимларни ўрганишда аждодларимизнинг бой илмий меросидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Ўрта Осиё ва Ўзбекистондаги топонимларга оид ёзма илмий маълумотларни буюк аждодларимиз Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Берунийнинг “Қонуний Масъудий”, “Ҳиндистон”, “Сайдана”, Наршахийнинг “Тарихи Бухоро”, Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” каби асарларида учратиш мумкин. Мемуар асарлар дурдонаси ҳисобланган “Бобурнома”да ҳам топонимларга доир қимматбаҳо маълумотлар мавжуд. Унда мингга яқин географик жой номлари тилга олинган.

Ушбу асарда географик номлар — мамлакат, шаҳар, қишлоқ, қалъа, дашт, тоғ, довон, дара, дарё, кўприк, кечув, кўл, чашма, боғ, яйлов, ўтлоқ ва бошқа жой номлари тилга олинган. Хусусан, асарда ҳозирги Қашқадарё вилоятида жойлашган Шаҳрисабз шаҳрининг номланиши қуйидагича изоҳланади: “Баҳорлар саҳроси ва шаҳри ва боми ва томи хуб сабз билур учун Шаҳрисабз... дерлар”. Демак, Шаҳрисабз “кўкаламзор шаҳар”, “яшил боғ-роғларга бой шаҳар” маъносидадир.  

Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғат-ит-турк” асарида келтирилган халқ географик терминлари асосида шаклланган жой номлари туркий халқларнинг табиат билан боғлиқ дунёқараши ва ҳаёт тарзи ҳақида муҳим маълумот беради. Мисол учун, “Сайрам сув” — “тўпиқдан паст оқадиган оз сув” деган маънони англатади; бугунги кунда Сайрам номли шаҳар мавжуд. “Қазған” эса “ўнқир-чўнқир, серёриқ ер” деган маънога эга бўлиб, ҳозирда шаҳар мақомини олган Ғозғон қишлоғи номи айнан шу сўз билан боғлиқ.

Ҳозирги ўзбек тили бугунги замон маҳсули эмас, балки маълум бир тарихий босқичда шаклланган, бошланғич ва содда тилнинг ўзгарган ҳамда такомиллашган кўринишидир. Шу боис топонимлар орқали ҳудудларнинг ўтмишдаги ва ҳозирги ҳолатини, халқнинг турмуш тарзи ҳамда қадриятларини ўрганиш заруриятга айланади. Зотан, топонимик меросни ўрганиш нафақат тарихий ҳақиқатни тиклаш, юқори айтилганидек, миллий ўзликни англашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Чарос МАҲМУДОВА,

Чирчиқ давлат педагогика университети

катта ўқитувчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?