Миллат тафаккурининг маҳсули

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллиги олдидан
Конституция ҳар бир мамлакатнинг суверенитети, миллий давлатчилиги ривожи, фуқароларининг ҳаёти, жамиятдаги ўрни ва турмуш тарзини белгилаб берувчи асосий қонунидир. Бундан 28 йил муқаддам қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини ифода этиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларига асосланган, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг мустаҳкам йўлини белгилаб берди.
Умумэътироф этган халқаро ҳуқуқ нормалари, андозалари талабларига жавоб берадиган замонавий Конституциянинг қабул қилиниши Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамияти сари ташланган энг биринчи ва қатъий қадам бўлган эди. Асосий қонунимиз «муқаддима»сида санаб ўтилган устувор меъёрлар Ўзбекистон халқи, ҳар бир фуқароси ҳаётининг маъноси, мақсади улуғвор ва эзгу эканини умумбашариятга маълум қилади.
Асосий қонунимизнинг дунёга келишига асосан иккита омил сабаб бўлган эди. Илгари амал қилиб келган барча конституциялар (Туркистон АССРнинг 1918 ва 1920 йиллардаги конституциялари, Хоразм ва Бухоро Халқ Республикаларининг 1920-1921 йиллардаги конституциялари, ЎзССРнинг 1927, 1937, 1978 йиллардаги конституциялари) ўз халқи ва ҳудудини эркин, демократик асосда бошқарадиган мустақил давлат талабларига жавоб беролмай қолди. Бошқача айтганда, давлат мустақиллигининг эълон қилиниши Ўзбекистон Республикасининг янги Конституциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни тақозо этган асосий омил бўлди.
Республика мустақилликни қўлга киритгач, табиийки, буни конституциявий асосда мустаҳкамлаш зарурати туғилди. Конституцияда янги давлатнинг мақсади, суверенитети, ички ва ташқи сиёсий тамойиллари, инсон ҳуқуқларига, демократиянинг ва ижтимоий адолатнинг олий мақсадларига содиқлиги мустаҳкамлаб қўйилмоғи зарур эди. Шунинг баробарида, янги Конституция ўзбек давлатчилиги тарихий тажрибасини ҳисобга олиши, халқаро ҳуқуқнинг умум томонидан эътироф этилган меъёрларига таяниши, фуқаролар учун муносиб ҳаётни таъминлашга асос бўлиши, барқарор бозор иқтисодига асосланган демократик давлат, фаровон жамият учун ҳуқуқий пойдевор яратиши керак эди.
Ўзбекистон бозор иқтисодиёти муносабатларига жамиятнинг жадал ривожини таъминловчи восита сифатида қаради. Ижтимоий йўналтирилган бозор муносабатларига ўтиш конституциявий нормалар ва қоидаларни тубдан қайта кўриб чиқишни талаб қилар, илгариги Конституция янги ижтимоий-сиёсий муносабатлар ривожига ёрдам беролмай қолган эди.
Шунингдек, Конституция фуқаролик жамияти барқарорлигини таъминлаши, инсон ҳуқуқларининг кафолати бўлиши, янгича ижтимоий муносабатларга ўтиш шароитида пайдо бўлиши эҳтимол тутилган тартибсизликлар ва ҳуқуқий нигилизмнинг олдини олиши лозим эди. Зеро, Конституция Асосий қонун шаклида жамиятда вужудга келадиган кўпгина саволларга жавоб бериш баробарида, давлатнинг аниқ-равшан дастури мавжудлиги ва унинг аниқ белгиланган йўлдан боришига далолат беради.
Ўзининг тузилиши, йўналиши, мазмуни жиҳатидан аввалги конституциялардан принципиал равишда фарқ қилувчи Ўзбекистон Конституцияси биринчи моддасидан тортиб, то охирги – 128-моддасига қадар мустақиллик ғояси билан суғорилди. Жаҳон ҳамжамиятининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқларига, демократик қадриятларга таянилгани ҳам Конституциямизнинг хусусияти саналади.
Шу билан бирга, Конституциямиз халқимизнинг миллий хусусиятларини ҳам ўзида акс эттира олди. Конституция мамлакатнинг халқаро муносабатларнинг мустақил субъекти экани, ташқи сиёсатни ўз манфаатларидан келиб чиқиб олиб бориши, халқаро ташкилотлар ва давлатлараро тузилмаларга кириш ҳуқуқини қонуний мустаҳкамлаб қўйди. 1990 йилнинг 20 июнь куни эълон қилинган «Мустақиллик декларацияси» ҳамда 1991 йил 31 август куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги қонун талабларини ўзида тўлиқ акс эттирган Конституциямизда инсон ҳаёти ва эркинлиги, шаъни, қадр-қимматининг олий қадрият экани, фуқароларнинг суд орқали ҳимоя қилиниши, айбсизлик презумпцияси каби нормалар мустаҳкамлаб қўйилган. Шунинг учун ҳам Конституция ижтимоий ҳаётимизга, фуқароларнинг турмуш тарзига тез сингиб кетди. Бугун у болалар боғчасидан тортиб, мактаб ва олий ўқув юртларида ҳам ўрганилмоқда.
Мазкур Конституция асосида Ўзбекистон бозор иқтисодиёти муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлини танлади.
Асосий қонунимизнинг жаҳон андозаларига мос келиши, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси каби муҳим халқаро ҳуқуқий нормаларни ўзида мужассам этгани кенг жамоатчилик ҳамда хорижий экспертлар томонидан эътироф этилди ва этилмоқда.
Ўзбекистон Конституциясининг 15-моддасида белгиланганидек, мамлакатимизда Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдорлар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва унинг асосида яратилган қонунларга мувофиқ иш кўрадилар.
Демак, Конституция ва қонунларнинг устуворлиги ҳуқуқий демократик давлат ҳамда эркин фуқаролик жамияти қуришнинг энг асосий кафолати ҳисобланади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, фақат норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, такомиллаштириш орқали кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Токи, қонун амалда тўлиқ қўлланилмас экан, унинг кучи ҳам сезилмайди. Агар қабул қилинаётган қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳияти, мақсади тушуниб етилмаса, уларга амал қилишда хатога йўл қўйиш одатий ҳол бўлиб қолаверади.
Юртдошларимиз онгида демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, мамлакатда рўй бераётган демократик ўзгаришларнинг кўламини кенгайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини оширишда ҳуқуқий тарбиянинг ўрни беқиёсдир.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ, дея таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, жамоатчилик назоратининг мавжудлиги демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг муҳим шарти ҳисобланади. Айнан жамоатчилик назорати орқали ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий муаммолар кун тартибига олиб чиқилади ва ҳал этиб борилади.
Жамоатчилик назорати тушунчасига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан фуқаролар, уларнинг бирлашмалари ва ўзини-ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа тузилмалари (институтлари), шунингдек, давлат ва нодавлат органлари таркибида тузилган жамоатчилик органлари томонидан қонун доирасида олиб бориладиган назорат сифатида таъриф берилади.
«Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунга кўра, жамоатчилик назоратининг субъектлари – Ўзбекистон фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган ННТлар, оммавий ахборот воситаларидир. Жамоатчилик назорати жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва бошқа жамоатчилик ташкилий тузилмалари томонидан ҳам қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши мумкин.
Асосий қонунимизнинг учинчи бўлими – «Жамият ва шахс» деб номланган ва фуқаролик жамиятининг анъаналарини тиклаш, жамоат бирлашмалари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари мақомини ҳуқуқий тарзда расмийлаштириш, уларнинг реал ва барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган конституциявий қоидалардан ташкил топган. 34-моддасида фуқароларнинг жамоат бирлашмаларига уюшиш каби конституциявий ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган. Асосий қонунимизда алоҳида, XIII боб ва 7 та модда бевосита жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига бағишлаганини таъкидлаш жоиз.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ННТлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида мазкур институтларнинг давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида роли ва аҳамияти ортиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги «Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бу борада янги даврни бошлаб берди.
Жорий йилнинг 16 апрелида Президентимизнинг ПФ-5980-сонли фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жамоатчилик палаталари ташкил этилди.
Ишончимиз комилки, Конституция ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишда бундан кейин ҳам мустаҳкам кафолат бўлиб хизмат қилади.
Конституциямиз халқимизнинг юксак тафаккури самараси маҳсули. Уни беназир ҳуқуқий қадрият сифатида асраб-авайлаш, ўқиб-ўрганиш, унга оғишмай риоя қилиш, баён этилган ҳуқуқлардан самарали фойдаланиш ва бурчларни виждонан масъулият билан бажариш, келажак авлодга улуғ неъмат сифатида етказиш, у билан фахрланиш ҳар бир ўзбекистонлик учун шарафдир.
Жаҳонгир САРИМСОҚОВ,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш жамиятлари федерацияси раиси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг