МИБ ходимининг ҳаракати туфайли қашқадарёлик тадбиркор 1 йилу 7 ойдан буён ўз маблағини эркин тасарруф қила олмаяпти

20:32 23 Сентябр 2021 Иқтисодиёт
1773 0

Архив сурат

Юртимизда ҳар бир тадбиркор эътиборда, эъзозда. Уларга яратувчи ва яшнатувчи, юрт истиқболига дахлдор шахс сифатида қаралмоқда. Айниқса, Президентнинг тадбиркорлар билан қилган очиқ мулоқоти тадбиркорликка ғов бўлаётган бир қатор тўсиқларни олиб ташлади. Юртимизда тадбиркор эркин нафас оляпти, эркин бизнес муҳитидан баҳра оляпти, десак сира муболаға бўлмас.

Аммо қашқадарёлик тадбиркор Зафар Холиёров ҳақида бундай дея олмаймиз. Гап шундаки, у 1 йилу 7 ойдан буён ўзининг маблағини эркин тасарруф қила олмаяпти? Унинг 84 млн сўм маблағи у фойдалана олмаётган бошқа ҳисоб рақамида турибди?

Гап шундаки, Қарши туманилик тадбиркор Зафар Холиёров ўз бизнес маконини кенгайтириш мақсадида Қарши тумани мажбурий ижро бюроси томонидан электрон-онлайн аукцион савдога чиқарилган «Мебель ишлаб чиқариш устахонаси ва савдо дўкони ҳамда автосалон биноси объектига харидор бўлади. Тендерда у ғолиб чиқади. Унинг тендерда ғолиб чиққани 2020 йилнинг 4 майда № ОА 0403- 000024 рақамли электрон-онлайн аукцион натижалари тўғрисидаги Баённомада акс эттирилади.

Лекин унинг ҳамма саъй-ҳаракатлари саробга айланди. Қарши тумани мажбурий ижро бюроси мулкка эгалик қилиш далолатномасини тузишни пайсалга солиб келаверди. Зафар Холиёровга тендерда ғолиб бўлсада, мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи берилмади. Нега берилмади, деган савол туғилади? Бу саволга 2021 йил 27 май куни Фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро суди аниқ жавоб берди. Суд Мажбурий ижро бюроси Қарши тумани бўлимига нисбатан Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази давлат унитар корхонасининг 2020 йил 04 майдаги № ОА 0403-000024-сонли электрон онлайн аукцион савдосини ҳақиқий эмас деб топди.

Суднинг бундай қарорга келишига Қарши тумани мажбурий ижро бюроси томонидан мазкур объект ноқонуний савдога чиқарилгани сабаб бўлди.

Мен Қарши тумани мажбурий ижро бюроси томонидан ҳуқуқий асосга эга бўлмаган объект шошма-шошарлик билан тендер танловига чиқариб юборилгани ҳақида гапирмоқчи эмасман. Иш бор жойда камчилик бўлади, улар қилган хато суд орқали тўғриланди. Гап суд қарорининг ноқонуний деб топилган объектга сарфланган 84 млн сўмга яқин маблағни Қарши тумани мажбурий ижро бюроси томонидан Зафар Холиёровга қайтариш ҳақидаги банди бажарилмаётгани ҳақида кетяпти.

— Қарши тумани мажбурий ижро бюроси суд қарорида белгиланган 84 млн сўмга яқин маблағимни қайтариб бермаяпти, — дейди З. Холиёров. — Агар мен шу маблағни банкда сақлаганимда шу муддатда 30 млн сўмга яқин фойда олган бўлардим. Аммо мен ўзимнинг пешона терим билан топган пулимни ололмаётганим учун жуда афсусдаман. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюросининг Қарши тумани бўлимига, вилоятдаги раҳбарига бир неча бор мурожаат қилдим. Аммо улар суд қарорини бажаришни пайсалга солиб келишмоқда. Аслида Мажбурий ижро бюросининг асосий вазифаси суд қарорлари бажарилиши устидан назорат ўрнатиш билан боғлиқ. Негадир уларнинг ўзлари бу борада бошқаларга «ўрнак» бўлаётгани жуда ачинарли.

Мен Мажбурий ижро бюросининг Қарши тумани бўлими раҳбари Қобил Турсуновга учрашганимда, пулни қайтариш бўйича тадбиркор тақдим этган ҳужжатларда камчилик мавжудлиги учун уни қабул қилмадик, тадбиркор ҳужжатларни тўғрилаб олиб келгани йўқ, деган гапга ўхшаш важни рўкач қилди. Ахир тадбиркор Зафар Холиёров пулни айнан Мажбурий ижро бюроси Қарши тумани бўлими ҳисоб рақамига ўтказганку! Яна қандай ҳужжат талаб этилмоқда? Пулни тўлагани ҳақида тадбиркорнинг қўлида «квитанция» бўлса, яна нима керак уларга?

Мақола ниҳоясида кулишни ҳам куюшни ҳам билмаганим бир ғаройиб воқеага эътиборингизни қаратмоқчиман. Ижрочи: «ундирувчи ва қарздорнинг манзили кўрсатилмаган, қарздорнинг туғилган вақти қўйилмаган, иш жойи йўқ» деб тадбиркорнинг ҳужжатларини қайтарибди. Ваҳоланки, ижрочининг ўзи қарздор ташкилот — Мажбурий ижро бюроси Қарши тумани бўлимида ишлайдику! Наҳотки ўзи ишлаб турган идора манзилини ўзи билмаса. Бу пулни қайтармаслик учун бир баҳона, холос...

Хўш, Мажбурий ижро бюроси Қарши тумани бўлими раҳбарлари тадбиркорнинг пешона тери билан топган пулини нега қайтармаяпти? Бу саволга мутасадди идоралардан аниқ жавоб кутамиз.

Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?