Мева-чевадан тортиб, асал, тухум, гўшт, қатиқ-сутгача томорқадан чиқади — Абдусалом Бобомуродов

15:27 25 Октябр 2023 Жамият
218 0

Фото: “Халқ сўзи”

Юртимизда “олтин куз” таровати ҳукм сурмоқда. Табиат анча сокин тортиб қолган, дарахтлар сарғайган “тўни”ни ечиб, деҳқону боғбонларимиз ҳосилни саранжомлаб олаётган палла. Бироқ ҳар дақиқадан унумли фойдаланишга ҳаракат қилган ҳақиқий деҳқон учун далада иш асло тугамайди.

Миришкор туманининг Миришкор маҳалласида яшовчи тажрибали боғбон Абдусалом Бобомуродовни ўзига тегишли деҳқон хўжалиги даласида, иш устида учратдик. У фарзандларига бош бўлиб, тўқсонбости усулида экилган саримсоқпиёзларини бегона ўтлардан тозалаётган экан.

— Томорқа биз учун ризқ-насиба манбаи, — дейди у. – Бир муддат жамоа хўжалигида оддий ишчи бўлиб ишлаганимни айтмаса, эсимни танибманки, ризқимни томорқадан тераман. Меҳнатимнинг ортидан беш фарзандни улғайтириб, элга қўшдим. Қанча тўйлар қилдим, уй-жойлар қурдим, машина олдим. Ҳаммаси томорқанинг ортидан.

Абдусалом бобонинг айтишича, бундан 30 йил аввал бу жойлар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган, юлғун ўсиб ётган ерлар бўлган. 1994 йилда бир нечта оила шу ҳудудга кўчиб келиб, уй-жой қурган, қудуқ қазиб, сув чиқарган. Атрофдаги ташландиқ ерларни ўзлаштириб, деҳқончилик ишларини йўлга қўйган.

Абдусалом Бобомуродов ҳам ўша пайтда 32 сотих майдонни текислаб, деҳқончилик қилишни бошлаган. Кейинчалик бу ерни деҳқон хўжалигига айлантирган.

— Шунингдек, ҳовлимда 16 сотих томорқам ҳам бор, — дейди Абдусалом бобо. – Томорқага аввало рўзғор учун зарур бўлган барча озиқ-овқат маҳсулотлари — картошка, сабзи, пиёз, помидор, коди, карам, ҳаммасидан экамиз. 10-15 та қорамол қиламиз, товуқ, кўрка боқамиз. Йигирма уя асаларим бор. Хуллас, барча мева-чевадан тортиб, асал, тухум, гўшт, қатиқ-сут, бари ўзимиздан чиқади. Ёғ билан гуручни айтмаса, бозордан деярли бошқа маҳсулот сотиб олмаймиз. Деҳқон хўжалиги майдонида эса мевали боғ қилганман. Қатор ораларида саримсоқпиёз ва маккажўхори етиштиришни йўлга қўйганман. Бу ишдан ҳар йили яхши даромад оляпман.

Уста деҳқоннинг сентябрь ойи ўрталарида эккан саримсоқпиёзлари ҳозир баравж ривожланмоқда. Келгуси йилнинг июнь ойи бошларида ҳосил йиғиб олиниб, ўрнига дарҳол маккажўхори экилар экан. Августнинг охирида эса маккажўхорини йиғиб олиб, ерни саримсоқпиёз учун тайёрлайди.

— Бундай алмашлаб экиш тупроқнинг унумдорлигини сақлашда қўл келади, — дейди Абдусалом бобо. – Қолаверса, ер бўш турмайди. Маккажўхорининг ҳам донини бозорга чиқарамиз, поясини чорва учун ғамлаймиз. Саримсоқпиёзни эса экспортчи корхоналар вакиллари келиб, сотиб олишади. Чунки, қўшниларимиз ҳам саримсоқпиёз етиштиради. Биргина шу кўчамизнинг ўзидан ҳар мавсум 90 тоннадан ортиқ саримсоқпиёз чиқади.

Абдусалом Бобомуродовнинг деҳқончиликдаги ишларини кузатиб, шунга амин бўласизки, халқимиз томорқани бекорга хазинага қиёсламайди. Унинг дастурхонимиз файзу баракаси, аҳоли турмуш фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашдаги ўрни беқиёс. Ҳамма гап ердан оқилона фойдаланишда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?