Мен сени кўксимга босай, жон қушим
Фото: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати
Шу кунларда таниқли шоир, таржимон Турсун Али табаррук 70 ёшга кирди. Сарбаст, сочма туркумидаги шеърлари, достонлари билан ўзига хос услуб яратган ижодкорнинг «Зангори овоза», «Юракдаги сўзлар», «Ёруғ кунлар», «Изтироб остонаси», «Тун товуши», «Ёлғизим», «Уйғоқ сукунат», «Туйғулар ранги», «Сокин ҳайқириқ», «Ой япроғи», «Гуллаётган юрак» каби шеърий тўпламлари адабиёт мухлислари меҳрини қозонган. Шоирнинг «Смена» журналида туркум шеърлари, «Гранат» (рус тилида) алманахида, Озарбайжонда (озар тилида) тўпламлари чоп этилган. Шунингдек, унинг шеърлари инглиз, тожик, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган.
Турсун Али таржимон сифатида ҳам фаолият кўрсатиб, хитой, япон, рус шеърияти намуналарини ўзбек тилига ўгирган.
Шоир кейинги йилларда самарали ижод қилмоқда. Яқинда матбуотда эълон қилинган «Ватан кенгликлари» достонида мамлакатимизда юз бераётган ўзгаришлар, инсонлар тафаккуридаги янгиланишлар фалсафий мушоҳада этилган.
Ижодкорга юксак ижодий марралар сари дадил илдамлайверишини тилаймиз!
ҲУРРИЯТ
Кел, жон қушим, жоним қушим, кел,
сени босай суйиб кўксимга.
Момиқ патларингни силай энтикиб,
эй, қанотлари қонли,
юраги доғли,
узун умри қафасда кечган қушим,
кел, бағримга босай,
кўнглимни бўшатиб олай.
Оҳ, сени озод кўролмай кетганлар ҳаққи,
сенинг бийрон сайрашингни тинглолмай
ўтганлар ҳаққи,
мен сени кўксимга босай, жон қушим.
* * *
Қуёшга қараган йўл,
унда излар кўп.
Илон,
Каламуш излари.
Бўри,
қўй излари.
Қон,
фарёд,
карвон излари.
Қуёшга қараган йўл,
Унда излар кўп.
Турфа ранг.
Оқ,
қора,
қизил,
чипор.
Қуёшга қараган йўл,
Унда излар кўп.
Қабиҳ,
ялтоқ,
манфур изларни
борар босиб,
юрагимда ястанган
адолат,
виждон,
хақиқат излари.
* * *
Ўз йўлимдан бораман танҳо,
Манзилим ҳам кўринар элас.
Йироқлардан унсиз бир садо,
Чақиради,
Ундар ҳар нафас.
Ўз йўлимдан бораман маъюс,
Таъқиб этар ярадор кучук.
У ортимдан келар изма-из,
Билмам, кучук эргашар нечук?
Ўз йўлимдан бораман маъюс,
Теваракда одам йўқ, жимжит.
Акиллаган кучук узмас кўз,
Юрагимни қуршаган сукут.
Ўз йўлимдан бораман, ёҳу,
Ва ўзимга бераман таскин.
Оқсоқ кучук, менга ҳамроҳ у,
Задаланган дил қувнар, лекин...
Ўз йўлимдан бораман танҳо.
Турсун АЛИ
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда биринчи ўринда — дунё армиялари рейтинги эълон қилинди
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- Ўзбекистонда илмий лабораторияларнинг сунъий интеллектга асосланган ягона илмий платформаси ишга туширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг