Мен не дейман-у қўбизим не дейди?

18:09 05 Октябр 2021 Жамият
988 0

Фото: Истам Иброҳимов / Халқ сўзи

Яқинда “Халқ сўзи” газетаси ҳамда унинг расмий сайтида Нақшбандия тариқати кутубхонаси ва музейи билан боғлиқ долзарб мавзуда мақола эълон қилинган эди. Маълум бўлишича, мақола Бухоро вилоят ҳокими топшириғига асосан мутасаддилар томонидан ўрганилган. Унинг натижаси бўйича хат тайёрланган.

Ўрганиш хатини ўқиб, беихтиёр “Мен не дейман-у қўбизим не дейди?” деган хаёл кечади. Унда, жумладан, шундай дейилади: “... Ўрганиш жараёнида ҳақиқатдан ҳам мустақилликнинг дастлабки йилларида зиёратгоҳ ҳудудида, ҳозирги “Мир Араб” олий мадрасаси биноси олдида музей биноси қурилгани ва ушбу бинода Нақшбандия тариқати музейи фаолият кўрсатгани, бино ичидаги бир хонада кутубхона ташкил этилгани, бироқ зиёратгоҳда олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишлари жараёнида мазкур бинонинг зиёратгоҳ умумий концепциясига мос келмаслиги, ҳозирги мадраса ва унга туташ айвон ҳамда қўшимча биноларни тўсиб қўйганлиги сабабли бино бузиб ташланганлиги аниқланди.

Шундан сўнг Нақшбандия тариқати музейи зиёратгоҳдаги тарихий мадраса биносига кўчирилган ва ҳозирда ҳам ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда.

Кутубхона эса зиёратгоҳдаги ҳозирда “Мир Араб” олий мадрасаси фаолият кўрсатаётган “Баҳоуддин Нақшбанд” ЁММ илмий маркази биносига кўчирилган ва ушбу бинода 2017 йилдан бери Мир Араб олий мадрасаси фойдаланиб келаётганлиги сабабли, бино олдидаги айвондаги хонада мадраса ва зиёратгоҳ учун умумий кутубхона ташкил этилиб, бу ерда ташриф буюрувчи китобхонлар учун барча шароитлар яратилган.

“Мир Араб” олий мадрасасини кўчириш режалаштирилган Бухоро шаҳридаги собиқ маданият коллежи биносида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари якунлангандан сўнг, мадрасанинг жорий биносида Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи учун алоҳида кутубхона ташкил этилиши режалаштирилган.

Юқорида келтирилганларни инобатга олиб, xs.uz сайти мухбири И.Иброҳимов томонидан ушбу сайтда эълон қилинган мақолага муносабат кўринишида раддия билдириш мақсадга мувофиқ.”

Дарвоқе, бизга тақдим қилинган ушбу бир ярим бетлик маълумотноманинг бутун бошли бир бети 23 сентябрь куни xs.uz сайтида чоп қилинган мақоладан олинган иқтибослар шарҳига бағишланган. Лекин “холисона ўрганиш” кимлар томонидан ва қай тарзда олиб борилди? Бу саволга жавоб йўқ.

– Унутмаслик керакки, ҳозирда Мир Араб олий мадрасаси жойлашган иншоот Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази биноси бўлиб, у 2004 йили марказ таъсис қилингандан кейин қурилган, - дейди тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта ходими К.Раҳимов. - 2017 йилгача икки қаватли бу бинода Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази, шунингдек, марказ муассислигидаги “Нақшбандия” илмий-ирфоний, адабий-маърифий журнали таҳририяти, naqshband.uz сайти , “Бухоро хаттотлик санъатида тасаввуф жилоси” хоналари, архив ва бошқа хўжалик хоналари жойлашган эди.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 10−11 март кунлари Бухоро вилоятига ташриф буюрганида Мир Араб олий мадрасасини ташкил қилиш бўйича кўрсатма берган эди. Шунга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил қилинган Мир Араб олий мадрасаси янги бинога кўчиб ўтгунга қадар мазкур иншоотда фаолият олиб бормоқда.

Хуллас, айни вақтда Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси ҳудудида Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди, Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази, “Нақшбандия” илмий-ирфоний, адабий-маърифий журнали таҳририяти, Бухоро вилоят маданият бошқармасига қарашли Бухоро давлат музей-қўриқхонаси ҳузуридаги Нақшбандия тариқати музейи, Мир Араб олий мадрасаси ва унинг ҳузуридаги Тасаввуф илми мактаби, шунингдек, 2013 йилда бузиб ташланган, тасаввуф ва нақшбандияга доир қўлёзма манба ва асарларни жамлаган “Нақшбандия тариқати кутубхонаси”. Бу ташкилотларнинг ҳар бирида анча- мунча ходим меҳнат қилади.

Маълумотномада қайд қилинганидек, Мир Араб олий мадрасаси бошқа жойга кўчирилса, мутасаддилар марказ биносига нечта ташкилотни кўчиришни ният қилишди экан? Қолаверса, бу бино кутубхона ва музей учун мослашмаган.

– Дарҳақиқат, ҳар бир объектнинг ўз жойлашув стандарти ва меъёрлари бор, - дея ўз фикрлари билан ўртоқлашади Ўзбекистон Фанлар Академияси Тарих институти таянч докторанти Шавкат Бобожонов. – Музей учун бино қурилганида ёки танланганида 6 та асосий шартга эътибор қаратилади: ёруғлик, иссиқлик, қуруқлик, қоронғилик, намлик, совувчанлик меъёр даражасида бўлиши керак. Афсуски, Нақшбандия тариқати музейи жойлашган ҳозирги бино бу талабларга умуман жавоб бермайди. Сайёҳларга экспонатларни томоша қилдиргани ҳам хижолат чекасан киши.Чунки улар тор, нимқоронғи ҳужраларда жойлаштирилган. Хоналарда ҳаво айланиши учун вентеляция, кондиционерлар мавжуд эмас. ХХI асрда яшасак-да, музейда интернет, телефон алоқа хизмати йўқ. Ходимлар иш шароитини-ку айтмай қўя қолайлик. Ҳафт қалам услубида бажарилган, сангтарошликнинг нозик намунаси саналган 500 йиллик тарихга эга мармар қабртошлар оёқ остида намойишга қўйилган.

Ваҳоланки, музейнинг мустақиллик йилларида санъаткорона барпо этилган ва, таассуфки, бузиб ташланган биносида ноёб экспонатларнинг умрига умр қўшиш учун зарур барча қулайликлар бор эди.

– Шогирдларимиз билан ўша бинони ганчкорлик усулида безаш учун бир йил меҳнат қилгандик,- дея афсус билан эслайди тажрибали усталардан бири Алишер Ғойипов.- Чунки бизга “Бу иншоот мажмуадаги тарихий обидалардан қолишмайдиган даражада бўлиши керак” деган талабни қўйишган эди. Бухородаги қадимий уйлар суратларини олиб, эскизлар тайёрлаганимиз, уларни архитекторларга тасдиқлатганимиз худди кечагидек ёдимда. Бино қурилишида биздан ташқари Бухоронинг қўли гул усталари – ёғоч ўймакори Шоназар Жумаев, шунингдек, уста Санжар, уста Шарифларнинг ҳам катта меҳнати сингган. Бинони бузишаётгани бизга жуда оғир ботган эди. Анчагача ўзимга келолмай юрганман...

Келинг, мутасаддилар изоҳлари бўйича “қўшимча биноларни тўсиб қўйганлиги сабабли бино бузиб ташланган” ҳам дейлик. Нега унда саккиз йилдан буён кутубхона ва музей учун бошқа бино қурилмади?

Бузиб ташланган музей экспонатлари ҳозир мажмуадаги 285 квадрат метр ўлчамдаги кичкина Қорихона мадрасасига жойлаштирилган.

– Музей мадраса биносига жойлашган бўлса, тасаввуф ва Нақшбандияга доир қўлёзма ҳужжат ҳамда асарларни жамлаган республикада ягона – “Нақшбандия тариқати кутубхонаси” қаерга кетди?- дея таажжубланади К. Раҳимов.- Ахир қўлёзма манбаларни кўз қорачиғимиздек сақлаш ва асраш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 24 майида қабул қилинган“Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бор.Шунингдек, 2017 йил 11 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинган. Давлатимиз раҳбарининг Нақшбанд мажмуасига қилган ташрифи вақтида билдирган ҳар бир таклиф ва тавсияси асосида 2018 йили Етти пир зиёратгоҳларини янада ободонлаштириш билан боғлиқ улкан ишлар режалаштирилди. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 майда фармойиши қабул қилинган ва унга илова тарзида “Йўл харитаси” тасдиқланган. Мазкур “Йўл харита”нинг 8-, 11-, 14-бандларида Етти пир, айниқса, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси ҳудудида кутубхона ва музейни ўзининг тарихий ўрнида қайта тиклаш бўйича Президент топшириғи баён қилинган.

Юқоридагилардан кўринадики, ҳаммаси масала моҳиятини чуқур англаб етишга боғлиқ. Зеро, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини Нақшбандия тариқати тарихи музейи ва кутубхонасиз тасаввур этиш қийин.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи” мухбири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?