Меҳрнинг баҳоси бўладими?

Фото: Халқ сўзи
Отаси урушга кетганида, Абдумуталиб чилласи чиқмаган чақалоқ эди. Афсуски, ота бедарак кетди. Икки ёшлигида онаси бошқа турмуш қилгач, у одамларнинг мол-қўйини боқиб катта бўлди.
Ҳар қанча қийинчилик бўлишига қарамай, китобга меҳр қўйди. Педагогика институтида ўқиди. Оила қуриб, тўрт фарзандни элга қўшди. Оилада улғайган ёлғиз ўғил, афғон уруши қатнашчиси Дилшодбек Узоқов 2018 йили 49 ёшида кутилмаганда вафот этди. Тўнғич қизи Умида узоқ йиллар ҳарбий соҳада ишлади, иккинчи қизи Наргиза иқтисодчи. Кенжатой Нигора касб-ҳунар коллежини тугатган, лекин тақдир экан, у оила қурмади. Наргизанинг турмуш ўртоғи ҳам икки боласини ташлаб, бошқа оила қуриб кетган. Ота-она уйига кўчиб ўтган Наргиза икки фарзанди учун собиқ турмуш ўртоғидан 600 минг сўм алимент оларди. 2021 йили катта фарзанди 18 ёшга тўлиб, унга бериладиган 300 минг сўм алимент пули тўхтатилди.
Айни пайтда оила аъзолари асосан бобо ва бувининг жами 2 ярим миллион сўм миқдоридаги пенсия пули ҳисобига тирикчилик қилади. Тўғри, ота гулчилик билан шуғулланади. Оила аъзоларининг ижара асосида фойдаланадиган гул дўкони ҳам бор.
— Пандемия шароитида тадбиркорликдан барака кетиб, гул дўкони ижараси учун Фарғона механика заводига тўлашимиз керак бўлган ҳар ойлик пулни ҳам тўлай олмаяпмиз, — дейди ҳаёт синовларидан зада бўлган отахон кўзларига ёш олиб. — Ана шундай шароитда завод маъмурияти дўкон ижараси учун ҳар ойлик тўлов миқдорини 1 миллион 200 минг сўм қилиб белгилади. Бу бизга оғирлик қилмоқда.
Хонадонидаги очиқ майдонда гул кўчатлари етиштириб сотадиган оила соҳиби мўъжазгина иссиқхона қуриш орқали доимий даромадга эга бўлиш мақсадида қайта-қайта мурожаат қилиб, тижорат банкларидан кредит ололмади. Уйида товуқ боқиш нияти ҳам ҳозирча орзулигича қолмоқда.
— Бу оила яқинда “Темир дафтар” рўйхатидан чиқарилди, лекин ҳамиша моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиляпмиз, — дейди Фарғона шаҳар “Ўрмончилар” МФЙ раиси Замирахон Зияева. — Ҳозирги кунда “Аёллар дафтари”ни шакллантириш бўйича янги тизим асосида иш ташкил этиляпти. Отахоннинг кенжа қизи — Нигора Узоқовани “Аёллар дафтари”га рўйхатга олиб, тикув машинаси олиб беришга кўмаклашишни мақсад қилганмиз. Айтганча, Нигора ўқув марказида аёллар сартарошлиги бўйича ҳам ўқиган.
Фарғона механика заводи раҳбари Акмалжон Эргашев ҳам ушбу оилага ижарага берилган савдо дўкони учун имкон қадар ойлик тўловлар борасида имтиёз беришга ваъда берди.
Абдумуталиб Узоқов табаррук 85 ёшда. У ва турмуш ўртоғи Марҳабатхон ая қарийб 40 йил таълим соҳасида ишлаб, нафақага чиққан. Ҳозирда Абдумуталиб ота II гуруҳ ногирони, 76 ёшдаги оила бекаси ҳам турли касалликлардан азият чекади.
Бу оила бугун шаклланган баъзи тоифага ўхшаб боқимандалик билан кун кечиришга одатланмаган. Меҳнати, ҳаракати орқали тинч ва фаровон яшашни орзу қилади. Уларга озгина меҳр ва эътибор бўлса, кифоя.
Фарғона вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, Фарғона шаҳар ҳокимлиги бу оилага эътибор қаратиб, беғараз ва самимий ёрдам кўрсатишига ишонамиз.
Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Андижон вилояти ҳокими 15 ёшли қизни зўрлагани тўғрисидаги хабарларга изоҳ берилди
- CEFR имтиҳонининг ўтказилиш саналари маълум бўлди
- Истанбул аэропортида танасига 6 кг олтин яширган ўзбекистонлик аёллар ушланди
- Йўл ҳаракати қоидабузарликларнинг жарима баллари қачондан кучга киради?
- Шоирнинг аёли бўлиш шараф
- 9 ёшли қизчанинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 4 йилга қамалди (+видео)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг