«Меҳрли қўллар»: ижтимоий хизматлар йўлга қўйилди
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Риштон туманининг Носгар маҳалласида фаолиятини бошлаган «Меҳрли қўллар» нодавлат муассасасида 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бор болалар учун кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилди.
Президентимизнинг жорий йил 3 февралда қабул қилинган «Ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра ташкил этилган муассаса 18 нафар ўғил-қизни ўз бағрига олди. Болаларнинг таянч-ҳаракат аъзоларидаги нуқсонларни жисмоний чиниқтириш машқлари ёрдамида енгиллатиш, ривожланмаган ички ва ташқи ҳиссий сезгиларни уйғотиш, нутқ ва эшитиш билан боғлиқ муаммоларга амалий ёндашиш учун уқаловчи, дефектолог ва логопед каби мутахассислар жалб этилган.

— Мутахассисларимиз соҳада 10 йиллик тажриба эга, — дейди муассаса раҳбари Субҳидам Солиева. — Шу боис амалий тажриба ва кўникма асосида ҳар бир бола билан алоҳида иш олиб борилади. Шунингдек, ота-оналарга болаларни уй шароитида парваришлаш бўйича тавсиялар берилади.
Гулмирахон Турсунова қўшни Тожикистон Республикасининг Сўғд вилоятидан келган. У ўн ёшли ўғли Юсуфнинг таянч-ҳаракат аъзоларидаги нуқсонлар аста-секин йўқолиб бораётганини айтиб, юртимиздаги ногиронлиги бўлган болаларга меҳр ва эътибор кучли эканлигидан мамнунлигини таъкидлайди.

Риштонлик Нодирахон Ёқубжонованинг қизи Моҳинур 14 ёшга кирган бўлсада, муттасил равишда унинг парвариши билан банд, бирон жойда ишламайди. Яқинда маҳалладаги ижтимоий ходим тавсияси асосида фарзанди кундузги парвариш хизмати билан қамраб олинди. Ўзи эса ушбу муассасага ишга қабул қилинди.
— 14 йилдан буён қизимнинг бир оғиз гапини эшитиш орзуси билан яшайман, — дейди у кўзда ёш билан. — Шу муассасага олиб келгач эса биринчи маротаба «ая» деган сўзини эшитдим. Моҳинур ўтган қисқа вақт мобайнида ўнга яқин сўзни талаффуз қилишни ўрганиб олди. Қизимдаги ўзгаришлар бир томон, ўзимнинг ушбу муассасага ишга жойлашганим яна бир томон бўлди. Шунча йиллик диққинафаслик ортда қолганига шукр!

Риштон тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш шуъбаси мудири Аҳлиёр Жумаевнинг маълум қилишича, маҳаллалардаги ижтимоий ходимлар томонидан ўтказилган хатлов натижасида туманда кундузги парвариш хизмати билан қамраб олиш мумкин бўлган болалар сони 96 нафарни ташкил этиши аниқланган. Педагогик тиббий-психологик комиссияси ҳозирга қадар уларнинг 18 нафарини кундузги парвариш хизматига жалб қилиш юзасидан хулоса берди. Келгусида алоҳида таълимга жалб қилинмаган болаларни ушбу хизмат билан тўлиқ қамраб олиш мақсад қилинган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг