Меҳнатнинг нони ширин

13:10 21 Октябр 2024 Жамият
142 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Кўксаройда Мустақилликнинг ўттиз уч йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакилларига фахрий унвонлар, орден ва медаллар топшираётганларида эҳтиромга лойиқ кўрилганлар сафида Нурота тумани “Авазсой” МФЙдаги Оқтепа қишлоғида истиқомат қилувчи 92 ёшли Мусурмон Ҳамидовни ҳам кўриб, тўлқинланиб кетдим. “Нурота агропилла” МЧЖ ходими бўлган бу инсон “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пиллачи” фахрий унвони билан тақдирланди.

Яқинда бир баҳонаю сабаб Тошкентдан қишлоққа бориб, “хизмат кўрсатган пиллачи”нинг суҳбатини олдим. Руҳи тетик, қадамлари дадил, хотиралари тиниқ, қадди тик, тўқсон ёшдан ошган бўлсаларда ҳатто қўлларига ҳалигача ҳасса олмаган. Бундай белгилар кўпинча очиқ ҳавода меҳнат қилиб чиниққан нуронийлардагина бўлишига амин бўлганман. Мусурмон бобо ана шу тоифадан. Ундайлар гапирсалар ҳам борлаб гапиради, содда ва самимий гапиради.

Президентимиз билан бўлган учрашувларини шунчалик тиниқ ҳикоя қилдиларки, қувваи ҳафизаларига ҳавасим келди:

— Меҳнаткашни қадрлар эканлар. Мукофотланганлардан ким билан суҳбатлашмасин, ҳар бирининг меҳнати, хизмати ва жамиятда тутган ўрнидан равшан хабардорликларидан ҳайратга тушдим. Самимий ва очиқ инсон эканлар. Қўлларини тутар эканман,чеҳрам очилиб халқимиз номидан салом етказганимда юзларига табассум ёйилди ҳамда Нурота ва Ғозғонга таъриф бериб, эртаси янада обод бўлишини қўлларимни тутганларича баён этдилар. Қувониб кетдимки, юртимиз ҳақида хайрлик режалари бор экан.

Мендек оддий бир қишлоқ одамига кўрсатилган илтифотдан ёшариб кетдим. Насиб этса ҳали кўп йиллар пилла қурти боқиб, берилган мукофотни оқлаш йўлида чинакамига оила аъзоларим билан ҳамжиҳат тер тўкамиз.

Мусурмон бобо меҳнат учун туғилган инсонлар жумласидан эканлигини яхши биламан. Қайси соҳа бўлмасин ҳам терлаб ишлаган, ҳам ҳалол ишлаган. Орқасидан ортиқча сўз чиқармаган, нони бут одам. Бу ҳислатларлари отаси Ҳамид бобо ва онаси Раҳима момодан юққан, дейишади эл -улус.

Етти йиллик мактабни тамомлагач, тракторчилик, чўпонлик, деҳқончилик қилган. 1976 йилдан 2011 йилгача қишлоқ, бўлим бригадири сифатида деҳқонларга, пиллакорларга бош бўлган. Қўлидан кетмонини туширмай, умр йўлдоши Роҳатой момо билан Нозботир сарҳадига 7 гектар майдон бўйлаб сойдан насос билан сув чиқариб, қўлда 32 минг туп тут кўчати ўтқазган.

Бу жасорат талаб этадиган иш эди. Атроф тўла чорва экани боис тутзорни қўриқлаш осон бўлмасди. Тўсиқлар билан ўраб, навбати билан қўриқчилик қилишарди. Негаки, пилла боқиб, ундан даромад олиш шундай меҳнатни талаб этарди.

Мусурмон бобо оила аҳли билан 60 йилдан буён пилла қурти боқиб келади. Ўтган даврда етиштирган пилласини қай даражада хирмон бўлишини тасаввур этишингиз учун, бу йил икки қутидан ошиғроқ уруғдан 200 килограмм сифатли пилла етиштирганини эслаш кифоя.

Суҳбатимиз адоғида унутилмас онларини мавруди келиб, яна завқу мамнуният билан эсладилар:

– Юртбошимиз кўксимга нишонни тақиб қўйганида беихтиёр тўлқинланиб кетдим. Қўлимни энг яқин одамидай сиқиб, шаънимга дил сўзлари айтганида болалардек ҳаяжонландим. Ҳа, шундай, Мустақиллик халқимизга нима бергани ҳар қадамда сезилаётир. Буни ҳис қилиш чинакам бахт эмасми? Фақат бир армоним, бу кунни аёлим Роҳатой кўролмади. Бу унвоннинг тенг ярмини уники, деб биламан.

Чиппа-чин айтсам, тақдирлов бутун оиламиз аъзолариники, деб биламан. Чунки, ўзбекона айтилганда “Бир ёқадан бош чиқарамиз” Сидқидилдан меҳнат қилишга ўрганганмиз. Барг масаласи қурт чиллабаркка ўтирганда қандай кечишини ҳар бир пилла боққан яхши билади. Бир ойларча маромли уйқу бўлмайди. Меҳнатига чидаганмиз, роҳатини ҳам кўрганмиз ва кўраётирмиз. Ҳозирда бу соҳа янада меҳнат талаб бўлган.

Илгарилари қишлоқлар ва тоғ ораларида тутзорлар бўларди. Юзлаб оилалар ҳар мавсумда пилла боқарди. Ҳозирда ота-бободан мерос катта тутлар деярли қолмаган, ўтинликка кесилиб кетган. Энди уларни тиклаб бўлмайди, аммо ҳудудларда ер ости сувларидан фойдаланиб, тутзорлар барпо қилиш учун кенг имкониятлар бор. Бунга озгина эътибор ва ҳаракат керак, холос. Муҳими, маҳаллий шароитдан келиб чиқиб, иш тутилса, ота-боболар тажрибасига таянилса, барчасини амалга оширса бўлади. Чунки сув оққан ариқдан яна сув оқаверади...

Хуллас, учрашув ва суҳбатдан, элимизда шундай инсонлар борлигидан хурсанд ва мамнун бўлдим.

Суюндик Мустафоев,
Ўзбекистон 
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер