Меҳнаткашлар манфаатлари — доимий эътиборда

10:28 14 Февраль 2025 Жамият
221 0

2025 йил касаба уюшмалари тизимида ҳисобот-сайловлар йили эканлиги боис мазкур жараёнда ўтган беш йилликдаги фаолият сарҳисоб қилиниб, эришилган натижалар таҳлил этилмоқда.

Маълумки, тармоқ касаба уюшмалари уставларида барча даражадаги касаба уюшмалари органларининг ваколат муддатлари 5 йил этиб белгиланганидан келиб чиқиб, 2025 йилда навбатдаги ҳисобот-сайловлар ўтказилмоқда.

Ҳисобот-сайлов йиғилишлари ва конференциялари бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти фаолиятида муҳим воқелик бўлиб, ушбу жараёнда ҳисобот даврида касаба уюшмаси ташкилоти томонидан амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, шу билан бир қаторда, фаолиятни ташкил этишда қандай камчиликларга йўл қўйилгани чуқур таҳлил қилиниб, келгусидаги фаолиятнинг устувор йўналишлари белгилаб олинади.

Бу эса бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раҳбарларидан ҳисобот-сайлов йиғилишлари ва конференцияларига масъулият билан ёндашишни, умумий йиғилиш ва конференцияларни Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунига, Федерация ва тармоқ касаба уюшмалари уставларига, тизимда амалда бўлган меъёрий ҳужжатларга қатъий риоя этган ҳолда ўтказилишини таъминлашни, ҳисобот-сайлов конференцияси ҳужжатларини ўрнатилган тартибда расмийлаштиришни талаб этади.

Шу боис, бошланғич касаба уюшма ташкилотларига услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисида Низом”, “Бошланғич ташкилотларда ҳисобот-сайлов йиғилишлари (конференциялари)ни ўтказиш юзасидан тавсиялар тўплами” ишлаб чиқилиб, амалиётда фойдаланиш учун барча даражадаги касаба уюшмаларига етказилди.

Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Республикамиз ҳудудларида касаба уюшмалари тизимидаги ҳисобот-сайловларни ўтказиш бўйича махсус ўқув-семинарлари ташкил этилди. Ўқув-семинарларига корхона, ташкилот ва муассасаларнинг бошланғич касаба уюшма ташкилоти раислари қамраб олинди.

Яқинда Ғиждувон туманидаги “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” масъулияти чекланган жамиятида бошланғич касаба уюшма ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференцияси ҳамда корхона Жамоа шартномасининг 2024 йилда бажарилишига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Мазкур конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилоят кенгаши, Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши, тармоқ касаба уюшмасининг Бухоро вилоят кенгаши мутасаддилари иштирок этдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” масъулияти чекланган жамиятида 1247 нафар касаба уюшма аъзоси мавжуд. Ҳисобот-сайловларнинг дастлабки йиғилишлари корхона цех жамоаларида ўтказилиб, бошланғич ташкилот конференциясига делегатлар сайланди. Корхона жамоаси номидан сайланган 50 нафар делегат иштирокида ўтказилган ҳисобот-сайлов конференцияси жуда қизғин ва музокараларга бой бўлди.

Ҳисобот сайлов конференциясида корхона касаба уюшма қўмитаси раиси 5 йил давомида иш берувчи билан ижтимоий шериклик асосида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, улар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида меҳнат жамоаси олдида ҳисобот берди.

Шундан сўнг корхона Жамоа шартномасининг 2024 йилдаги ижроси бўйича корхона директори Нурали Боқиевнинг ҳисоботи тингланди. Хусусан, иш берувчи йил давомида ходимларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилгани, хусусан, барча ходимлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилганлиги, ходимларни иш стажига қараб рағбатлантириш ва босқичма-босқич ўқитиш йўлга қўйилганлиги, бепул овқатланиш ташкил этилганлиги, меҳнаткашларнинг махсус кийим-бош билан таъминланганлигини алоҳида таъкидлади.

Ўз навбатида, касаба уюшма қўмитаси раиси Жамоа шартномаси бандларининг тўлиқ ижросини таъминлаш борасида олиб борган ишлари тўғрисида батафсил маълумот берди. Шунингдек, экспертиза комиссиясининг Жамоа шартномаси ижроси бўйича ҳисоботи тингланди.

Шундан сўнг конференция делегатлари томонидан жамоа шартномасига киритиладиган қўшимча ва ўзгартиришлар юзасидан таклифлар билдирилди. Жумладан, йигирув-тўқув цехларида ишлаётган хотин-қизларга имтиёзларни кўпайтириш, хотин-қизлар ўртасида спортнинг оммавий турлари бўйича мусобақаларни мунтазам ўтказиш, бошқа тўқув корхоналари жамоалари билан ўзаро беллашувларни мунтазам ташкил этиш таклифлари билдирилди.

Конференцияда касаба уюшма қўмитаси ва касаба уюшма ташкилоти тафтиш комиссияси раислигига номзодлар муқобиллик асосида сайланди.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?