Медиация институти: низоларни муқобил ҳал қилишнинг самарали усули

19:29 29 Январь 2025 Жамият
386 0

Адлия вазирлиги томонидан Халқаро тараққиёт ҳуқуқи ташкилоти (IDLO) ҳамда Европа тараққиёт ва тикланиш банки билан ҳамкорликда медиатор-тренерлар учун уч кунлик тренинг ташкил этилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида адлия вазири ўринбосари М. Икрамов кириш сўзи билан иштирок этиб, соҳада амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Таъкидлангандек, Адлия вазирлиги томонидан бугунги кунга қадар профессионал медиаторлар реестрига 1800 нафардан ортиқ медиаторлар киритилди. Судларда 3 мингдан ортиқ иқтисодий ишлар медиаторлар кўмагида медиатив келишув тузиш йўли билан якунланди. Бироқ бу кўрсаткичлар судда кўрилаётган ишлар сонига нисбатан таққосланганда умумий ишларнинг атиги 2-3 фоизини ташкил этади.

Ривожланган хорижий давлатлар, хусусан АҚШ, Буюк Британия, Сингапур, Хитой ва Япония каби давлатларда 40 фоиздан 80 фоизгача бўлган ишлар низоларни муқобил ҳал этиш институтлари ёрдамида ҳал этилади. Бу кўрсаткичлар соҳада ислоҳотларнинг муҳимлиги ва ҳали қилишимиз керак бўлган ишларнинг кўплигини кўрсатмоқда.

Медиация институти низоларни муқобил ҳал қилишнинг бошқа усулларидан кўра тезкорлиги, осонлиги ва низони тинч йўл билан ҳал этиб, тарафлар ўртасида ўзаро ижобий муносабатларни сақлаб қолиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Шунингдек, бу институт судларда иш юкламасини камайтиришга ҳам хизмат қилади. Судларда иш ҳажми йилдан йилга ортиб бормоқда. Хусусан, 2021 йилда фуқаролик судлари томонидан 518 087 та ишлар кўриб чиқилган бўлса, бу рақамлар 2023 йилда эса 943 892 тага етиб икки йил ичида 46 фоизга ошган. Бундан ташқари, медиациянинг Ўзбекистон инвестиция сиёсатини ривожлантиришда ҳам ўрни беқиёс.

Соҳани ривожлантириш учун Адлия вазирлиги халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ислоҳотларни амалга оширишни бошлаган. Хусусан, профессионал медиаторлар реестрига киритиш давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда амалга оширилиши белгиланди (аввал анъанавий шаклда адлия органлари орқали амалга оширилар эди). Профессионал медиаторлар реестрига киритиш муддати ўн кундан уч кунга қисқартирилди. Тошкент медиация маркази ташкил этилди.

Медиация соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда амалиётчи медиаторлар, халқаро ташкилотлар ва хорижий экспертларнинг фикри ва таклифлари муҳим. Бу борада малакали медиаторларни халқаро стандартларга мос равишда ўқитиш ва уларни ўз ишининг устаси қилиб тарбиялашда медиатор-тренерларнинг ўрни беқиёс. Бугунги тренинг ҳам ушбу мақсадларга эришиш учун ташкил этилган.

Тренингда Сингапур Халқаро низоларни ҳал қилиш академияси эксперти Мариам Готсиридзе ва Марказий Осиё Низоларни муқобил ҳал этиш маркази мутахассиси Элвира Боромбаева каби халқаро экспертлар 3 кун давомида медиаторларга ўқув машғулотларини ўтказади.

Манзура МАТРАСУЛОВА,

ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?