Миздакхан – муқаддас ва сирли маскан

18:39 25 Май 2024 Маданият
2645 0

Фото: «Халқ сўзи»

Ғайрат ОТАЖОНОВ/«Халқ сўзи». Қорақалпоғистон Республикаси туризм бошқармаси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Хўжайли тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида «Миздакхан муқаддас ва сирли маскан» ёшлар халқаро фестивали ўтказилди.

Унда юртимиздан ташқари АҚШ, Жанубий Корея, Ирландия, Туркия ва бошқа давлатлардан хорижий экспертлар иштирок этди. Фестиваль доирасида «Маданий хабардорликни ошириш ва экологик барқарор туризмни ривожлантириш» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ. Шарипов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Р. Зарикеев, Хўжайли тумани ҳокими Ж. Ермашев ва бошқалар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, шу орқали хорижий сайёҳларни жалб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.

Фото: «Халқ сўзи»

Фестиваль доирасида «Тақия» қорақалпоқ миллий либослари кўргазмаси ташкил этилди. Унда республиканинг энг ёш ва иқтидорли 5 нафар дизайнери томонидан яратилган 100 га яқин миллий либос намойиш этилди. Шунингдек, таниқли санъат усталари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Фестивалнинг иккинчи кунида тадбир иштирокчилари Хўжайли туманидаги Миздакхан тарихий мажмуасига ташриф буюрдилар.

– Қарийб икки юз гектар майдонни эгаллайдиган бу қадимги қабристонларнинг баъзилари 2400 йиллик тарихга эга, – дейди ёш тадқиқотчи, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси Руслан Арзиев. – Миздахкон – Марказий Осиё минтақасидаги энг қадимий ва энг йирик қабристонлардан бири. Қадим замонлардан бери бу жой муқаддаслиги ва сирлилиги билан кўплаб зиёратчиларни ўзига жалб қилган. Охирги дафнлар XIV асрга тўғри келади. Унинг ҳудудидаги Жумартқассаб тепалиги, Мазлумхон Сулунинг ер ости мақбараси ва Шамун Наби мақбараси, Гяурқалъа, Ережеп Халифа масжиди ва Мадаминхон мақбараси ва бошқа қабрлар фестивалнинг хорижлик қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Фото: «Халқ сўзи»

Тадбирда агротуризм, экотуризм бўйича таклифлар умумлаштирилиб, фикр алмашилди. Томонлар ўртасида ҳамкорлик масалалари бўйича келишувларга эришилди. Фаол иштирокчилар тадбир ташкилотчилари ҳамда Хўжайли туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари ва сертификатлар билан тақдирланди.

Халқаро илмий-амалий анжуманда ЮНEСКОнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий вакили Сара Ношади, AҚШ, Жанубий Корея, Ирландия, Туркия ва бошқа давлатлардан эколог ҳамда туризм бўйича экспертлар экология, атроф-муҳит ҳимоячилари, Оролбўйида туризмни ривожлантириш борасида ўз маърузалари билан иштирок этди.

Фестиваль доирасида чет элдан ташриф буюрган меҳмонлар Қорақалпоғистон Республикаси туризм бошқармаси ходимлари ҳамроҳлигида Қорақалпоғистон ҳудудидаги бошқа тарихий қалъалар ва бошқа диққатга сазовор жойларга ҳам ташриф буюрдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?