Матбуот – сўз маданияти муаллими
Устоз журналист, таниқли шоир Ўткир Раҳматнинг “Халқ сўзи” газетасининг 2026 йил 24 февраль сонида эълон қилинган “Шовқин ичидаги даъваткор овоз” мақоласини мутолаа қилиб, анча вақт хаёлга чўмдим. Шовқин-суронларга тўла бугунги ахборот майдонида ҳақиқий даъваткор овоз қандай янграши керак, деган савол қалбимни безовта қилиб, шу ўйларимни қоғозга туширишга жазм қилдим.
Бугунги журналистика олдида турган энг долзарб вазифалардан бири — ўқувчининг нафақат эътиборини, балки меҳру ишончини ҳам қозонишдан иборат. Зеро, юксак савия, пухта таҳлил ва самимий қалам маҳсули бўлган мақолагина газетхон қалбидан жой олади. Ана шунда ўқувчи газетани шунчаки варақламайди, балки уни яхши бир асар мутолаа қилаётгандек ҳижжалаб ўқийди.
Ўзим муҳаррирлик қилаётган, Сирдарё вилояти ёшлари ва педагогларининг минбарига айланган “Маърифат ва ёшлар” газетасига келаётган хат ва хабарларни кўздан кечирарканман, ёшларимизнинг журналистика ва адабиётга бўлган қизиқиши ортиб бораётганидан қувонаман. Газетамизнинг навбатдаги сони ўқувчилар қўлига бироз кечроқ етиб борса, таҳририят қўнғироқларга тўлади, сўраб-суриштиришлар бошланади. Интернет тезкорлик билан ҳаётимизга чуқур кириб бораётган бу даврда босма нашрга нисбатан бундай эҳтиёж ва интиқлик — қувонарли ва умидбахш ҳолатдир.
"Xalq so'zi" gazetasi, № 37, 24.02.2026 (Yuklab olish)
“Шовқин ичидаги даъваткор овоз” мақоласини ўқиб, тажрибали журналистлардан бири айтган воқеа ҳам эсимга тушди. Касбдошимизнинг фахр билан айтишича, шогирдларидан бирининг илк мақоласи газета саҳифасида чоп этилган куни оиласи буни байрамдек нишонлабди. Бу оддий ҳодиса эмас. Бу — матбуотга, сўз қудратига, чоп этилган фикрнинг қадрига бўлган юксак эҳтиром ифодасидир. Демак, газета ҳали ҳам жамият ҳаётида ўз ўрнига эга, унинг таъсир кучи сўнмаган.
Бироқ қувонч билан бирга ташвишли ҳолат ҳам бор. Яъни таҳририятимизга келаётган материалларнинг кўпида имло хатолари учрайди. Натижада таҳрир жараёнида аввало хатоларни тузатишга вақт сарфланади, мазмун-моҳиятни чуқурроқ таҳлил қилиш эса иккинчи ўринга сурилиб қолади. Ваҳоланки, ҳар бир ёзилган жумла — муаллифнинг савияси, диди ва масъулиятини намоён этадиган кўзгу.
Сўз — муқаддас неъмат. Унга эътибор, унга эҳтиром, аввало, имлодан бошланади. Маҳорат мактабига, журналистиканинг ҳақиқий амалиёт университетига айланган газеталар таҳририяти ҳар бир ёш қаламкаш учун аввало тилга, сўзга, ёзув маданиятига жиддий муносабатда бўлишни ўргатади. Ана шундай юксак ижодий салоҳиятга эга жамоаларда тайёрланган босма нашрлар муштарийлар учун ҳам саводхонлик сабоғини улашади. Демак, газета мутолааси ҳам китобхонлик билан бирдек маърифат ва билим беради.
Алишер НУРБОЕВ,
“Маърифат ва ёшлар” газетаси бош муҳаррири,
Сирдарё вилояти.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
- “Барселона” қийин ғалабани қўлга киритди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг